Эпидемия тарқалиши сусайди, инфекция эса кучини сақлаб турибди — ЖССТ

Ўтган суткада коронавирус билан 2 200 дан зиёд инсон касалланди, COVID-19га чалинганлар жами сони 95 минг нафардан ошди, Хитойдан ташқарида коронавирус қурбонлари сони 200 нафардан ошди, дейилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бугун, 5 март куни берган маълумотларда.
ЕИда ўлим ҳолатларининг энг кўпи Италияга (107 нафар) тўғри келмоқда, Апеннин яриморолида мактаблар ва университетларни 5 мартдан 18 мартга қадар ёпиш тўғрисида ҳукумат қарор чиқарди.
Ушбу мамлакатда барча спорт тадбирлари ҳам томошабинларсиз ўтказилиши белгиланган.
Францияда чоршанба куни кечки пайтга бориб коронавирусни юқтириш бўйича иккита янги ҳолат аниқланди: бошланғич синф ўқувчиси ва ота-онасидан бири касалланган. Бу бола борувчи мактаб (Валь д'Уаз департаментида жойлашган) икки ҳафталик карантинга ёпилиб, касалланганлар назоратга олинган.
Германияда бугун тонгга келиб COVID-19 билан касалланганлар сони 262 нафарга етгани маълум бўлди. Федерал соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан парламентда ҳисобот бераркан, коронавирус тарқалишига қарши қаттиқ чоралар кўришда балансни тўғри олишга эътиборни қаратди ва Германияда эпидемия ҳалли чўққисига чиқмаганини таъкидлади.
Исроилда барча халқаро симпозиум ва конференциялар тақиқланган бўлиб, Франция, Германия, Швейцария, Испания ва Австриядан келувчилар учун мажбурий икки ҳафталик карантин жорий этилди, яъни 5 мартдан ушбу мамлакатлар фуқаролари Исроил ҳудудига қўйилмайди.
Калифорнияда эса губернатор фармони билан фавқулодда вазият эълон қилинди, дейилади «Ассошиэйтед Пресс» хабарида.
ТАСС хабарига кўра эса, бир неча соат аввал АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси коронавирусга қарши курашиш учун ҳукуматга қўшимча 8 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter