Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эммануэль Макрон давлат ташрифи билан Хитойга борди. Мақсад жиддий

Эммануэль Макрон давлат ташрифи билан Хитойга борди. Мақсад жиддий

Кеча, 5 апрель куни Франция президенти Эммануэль Макрон давлат ташрифи билан Хитойга келди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Франция раҳбарининг самолёти Пекин вақти билан куннинг иккинчи ярмида Хитой пойтахтидаги аэропортга қўнди. Макроннинг Хитойга давлат ташрифи уч кун давом этади.

Маълумотларга кўра, Эммануэль Макрон сафарни Хитой раҳбари учун шахсий аҳамиятга эга бўлган шаҳардан бошлайди. Шунингдек, унинг Пекин ва Хитой жанубидаги Гуанчжоу шаҳрига ташриф буюриши ҳам айтилмоқда.

Ушбу сафарга Эммануэль Макрон ўзи билан Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйенни олиб келган. У Франция ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги уч томонлама учрашувда иштирок этади.

Хитойга сафари олдидан Эммануэль Макрон Хитой раҳбари Си Цзиньпинни Россия етакчиси Владимир Путин билан яқинлашишдан қайтармоқчи эканлигини маълум қилган эди. Франция президенти Си Цзиньпин билан ёпиқ эшиклар ортида бир неча соат музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Франция раҳбари Хитой ҳукуматини Украина инқирозини ҳал қилишда воситачилик миссиясига жалб қилмоқчи. Бироқ Европа давлатлари ва АҚШ вакиллари сиёсатчининг ташрифи муваффақиятли ўтишига шубҳа билдирмоқда.

Аввалроқ, расмий Париж Хитой расмийлари билан алоқаларни тиклаш вақти келгани ва томонлар глобал муаммолар бўйича мулоқотга янгича суръатда киришмоқчи эканлигини таъкидлаган эди.

Хитой ТИВ маълумотларига кўра, Макрон Хитой Бош вазири Ли Цян ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раиси Чжао Лежи билан алоҳида учрашувлар ўтказади.

Маълумот ўрнида, Макрон ва Си Цзиньпин охирги марта 2022 йилнинг ноябрь ойида Индонезиядаги Г20 саммити доирасида учрашган. Франция президентининг Хитойга сўнгги ташрифи 2019 йилда бўлиб ўтган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг