Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«ЕИ диний нафрат уйғотувчи ҳаракатларни қатъий суръатда рад этади» – Жозеп Боррель

«ЕИ диний нафрат уйғотувчи ҳаракатларни қатъий суръатда рад этади» – Жозеп Боррель

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Швеция ва Данияда Қуръони каримнинг намойишкорона ёқилишига муносабат билдириб, бу хатти-ҳаракатни провокация деб атади.

«Европадаги айрим шахслар содир этган ва кўплаб мусулмонларни ранжитган ҳаракатлардан сўнг Европа Иттифоқи диний нафрат ва тоқатсизликка йўналтирилган ҳар қандай фитналарни қатъий суръатда ва муросасиз равишда рад этишини маълум қилади. Хилма-хилликка ҳурмат ЕИнинг тамал қадриятларидандир. Бу бошқа диний жамоаларга эҳтиромни ҳам ўз ичига олади», – дейилади баёнотда.

Ж.Боррелга кўра, Қуръони карим ва бошқа муқаддас китобларнинг таҳқирланиши ҳақоратомуз ва номақбул қилмиш, очиқ провокация саналади. Бинобарин, ЕИда ирқчилик, ўзга қарашларга нафрат ҳамда тоқатсизликка ўрин йўқдир.

«Биз ҳам хорижда, ҳам ўз уйимизда дин, эътиқод эркинлиги ва фикр ҳурлигини ҳимоя қилишда давом этамиз, аммо ҳамма қонуний ҳаракатлар ҳам ахлоққа мувофиқ келавермайди. Бугун ўзаро тушуниш ва ҳурмат ҳаққи бирлашув вақтидир. Айрим провокаторлар содир этаётган бундай ҳаракатлар эса орамизга нифоқ уруғини сочиб, жамиятимизни пароканда қилмоқчи бўлганлар фойдасига ишлайди, холос», – дейди ЕИ бош дипломати.

Кейинги вақтларда Шимолий Европа давлатларида мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлган Қуръони карим – Мусҳафни омма олдида ёқиб юбориш ҳаракати бир неча бор қайд этилди. Диний низо ва нафрат қўзғатувчи ушбу ҳаракат мусулмон дунёсини ғазаблантирди.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръони карим ёқиб юборилганини ёвуз ҳаракат ўлароқ қоралаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг