Дунё мусулмонлари саёҳат рейтингида биринчи ўринни олган давлат маълум қилинди
2022 йилда жаҳон миқёсида мусулмонларнинг саёҳат рейтингида (GMTI) биринчи ўринни Малайзия эгаллади. Қайд этиш жоизки, мазкур мамлакат бир неча йилдан бери «Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмонлар учун дўстона йўналиш» рўйхатида пешқадамликни сақлаб келмоқда.
MasterCard ва Crescent Rating олиб бораётган тадқиқотда ҳалол саёҳат йўналишлари турли мезон ва кўрсаткичларга кўра баҳоланади. Малайзия туризм, санъат ва маданият вазири Ненси Шукри мамлакат яна мусулмонлар учун энг дўстона йўналиш деб тан олингани улкан шараф эканини қайд этган. Айни чоқда, у замонавий туризм фалсафасига изоҳ берган.
«Ҳозирги замонда туризм фақат саёҳатчилар учун мақбул шарт-шароит яратишдангина иборат бўлиб қолмай, мазкур соҳада муайян улушга эга сайёҳ, сармоядор, саноат иштирокчиси, жамият, ҳукумат, мамлакат ва бошқаларнинг трансформация салоҳиятини рўёбга чиқаришни ҳам ўз ичига олади», дейди Шукри хоним.
Малайзия вазири ҳалол туризм анъаналарини янада такомиллаштириш, маҳаллий ва глобал миқёсда меҳмондўстлик бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилишига ишонч билдирган.
Глобал рейтингда Туркия, Саудия Арабистони ва Индонезия иккинчи ўринни банд этди. Сўнгги вақтларда соҳада сезиларли ютуқларга эришаётган Ўзбекистон рейтингдаги мавқеини яхшилаб, дунёда тўққизинчи, ИҲТ мамлакатлари орасида Миср, Уммон, Кувайт, Марокаш, Ливан каби давлатларни ортда қолдириб, олтинчи ўринни эгаллади, МДҲ ва Марказий Осиёда эса биринчи бўлди.
MasterCard ва Crescent Rating маълумотларига кўра, пандемияга қадар мусулмон сайёҳлигида кучли ўсиш кузатилди. Хусусан, 2019 йилда 160 миллион сайёҳ қайд этилган. Бу борада Малайзиянинг улуши салмоқли рақамларни ташкил этади. Умуман, 2019 йилда Малайзияга жами 26,1 миллион халқаро сайёҳ борди, мамлакат туризмдан тахминан 21 миллиард доллар даромад олди.
Дунё пандемия асоратларидан сўнг енгил тин олиб, чегаралар очила бошлаган ҳозирги даврда мусулмон сайёҳлиги кўрсаткичлари ошиши кутилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, замонавий мусулмон сайёҳларнинг дид ва талаби юксалиб бормоқда. Бу эса ҳам қизиқарли, ҳам мазмундор сайёҳат йўналишларини талаб этади.
Crescent Rating асосчиси Фазал Баҳардин фикрича, Украинадаги уруш, ёқилғи нархининг кескин ошиши, маймун чечаги, ковиднинг янги штаммлари каби таҳдидлар соҳа ривожига тўсиқ бўлиши мумкин, аммо оптимистик хулосалар учун ҳам асослар етарли.
«Z авлод (1990-йиллар ўртасидан 2010-йилларгача туғилганлар – таҳр.), милленниаллар (1980-йиллардан 1990-йиллар ўртасигача бўлган даврда дунёга келганлар) ва аёллар мусулмонлар ичида энг таъсирли ва ўсиб бораётган демографик қатлам ҳисобланади. Икки миллиардли нуфуснинг 70 фоизи 40 ёшдан кичик, жумладан, Z авлод ва милленниаллар аҳолининг 50 фоизини ташкил қилади. Қолаверса, аёл саёҳатчилар мусулмон саёҳат бозоридаги энг тез ривожланаётган қатламдир», – дейди Crescent Rating асосчиси.
Эслатиб ўтамиз, Малайзия ҳукумати эпидемик вазият ўнгланиши муносабати билан жорий йил 1 апрелдан халқаро сайёҳларга чегаралар тўлиқ очилганини эълон қилганди.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 9 июлдан Малайзия пойтахти Куала-Лумпурдан Тошкентга тўғридан-тўғри чартер рейслар ташкил этилиши кутилмоқда.
Икки мамлакат ўртасида авиақатновларнинг тикланиш масаласи 19 май куни Тошкентда ташқи ишлар вазири ўринбосарлари – Фурқат Сидиқов ва Қамаруддин Жаъфар учрашувида муҳокама қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter