Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

CIIE-2023 кўргазмасида Ўзбекистоннинг мева ва қуритилган мевалари ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди

CIIE-2023 кўргазмасида Ўзбекистоннинг мева ва қуритилган мевалари ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди

East-fruit.com

2023 йилнинг 5-10 ноябрь кунлари Шанхайда кенг кўламли тадбир –  Хитой халқаро импорт кўргазмаси CIIE-2023  бўлиб ўтмоқда, унда 154 мамлакат компания ва корхоналари, Fortune Global 500 рўйхатига киритилган 289 та компания иштирок этмоқда. Ушбу ярмарканинг умумий майдони 367 минг квадрат метрни ташкил этади, деб хабар беради East-fruit.com хорижий ОАВга таяниб.

Мазкур кўргазмада Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Махсус павилонда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 62 турдаги янги, қуритилган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, янги усуллар ёрдамида қуритилган 100% органик маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Узум, нок, анор, анжир ва қуритилган мевалар «Ўзбекистон» павилонига ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди, деб хабар бермоқда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Кўргазма давомида Ўзбекистон делегацияси Индонезия, Жанубий Корея ва Хитойнинг йирик компаниялари билан янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, шунингдек, мева шарбатлари ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борди. Натижада 2024-2025 йилларда умумий қиймати 30 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Ушбу кўргазмада маҳсулотлар ва турли хизматлар еттита асосий бўлимда тақдим этилган: озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, автомобиллар, ақлли саноат ва ахборот технологиялари, истеъмол товарлари, тиббий асбоб-ускуналар ва соғлиқни сақлаш маҳсулотлари, хизматлар, шунингдек, «Инновацион инкубатор» махсус сектори.

CIIE-2023  кўргазмасининг умумий майдони олдинги ярмаркага қараганда 30% катта. Бундан ташқари, жорий кўргазмада 400 дан ортиқ янги маҳсулот, технология ва хизматлар намойиш этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг