Чақалоқларга қарши танклар: Ғазо шифохоналаридаги даҳшатлар (фото)
Ғазо секторидаги асосий шифохоналар ҳалокат ёқасида. Дори-дармонсиз, сувсиз, электрсиз беморлар, жумладан, янги туғилган чақалоқлар ота-оналари ва тиббиёт ходимларининг кўз ўнгида вафот этмоқдалар. Вазият ўнгланмаса тиббиёт муассасалари оммавий қабристонга, кўчалар эса бошпанага тирик қайтиш имконсиз бўлган жойга айланади.
Ғазо сектори жанубидаги шифохоналар ёқилғи танқислиги туфайли ишламай қолди. Энг йирик шифохона «Ал-Шифо» мажмуаси Исроил армияси ва ҲАМАС ўртасида бир неча кундан бери давом этаётган қарама-қаршилик ва тўқнашувлар марказида.
Оғир жароҳатланган беморлар ва эрта туғилган чақалоқлар ёнилғи тақчиллигидан келиб чиққан электр муаммолари туфайли бўғилишдан вафот этмоқда.
«Биз бутунлай қамалдамиз. Бу тўлиқлигича фуқаролик ҳудуди. Касалхонада фақат шифохона муассасаси ходимлари, беморлар, шифокорлар ва бошқа тинч аҳоли вакиллари бор. Кимдир буни тўхтатиши керак», — дейди телефон орқали шифохона жарроҳи доктор Аҳмад Ал-Моҳаллатий.
Бугун, 14 ноябрь куни «Ал-Жазира» нашри шифохонанинг кириш қисми Исроил армияси томонидан тўлиқ қамалда бўлгани, у ерда ҳамон юзлаб беморлар сақланиши ҳақида хабар берди. Кўнгиллилар шифохона мажмуаси ҳовлисида тўпланган жасадларни олиб чиқа олишмаяпти. Жасадлар озиқ-овқат излаб кўча-кўйда дайдиб юрган итларга ем бўлиш эҳтимоли вазиятни янада оғирлаштиради.
«Улар сув заҳираларини, улар сув қудуқларини бомбардимон қилишди, кислород насосини ҳам йўқ қилишди. Улар шифохонадаги ҳамма нарсани ишдан чиқаришди. Шундай қилиб, биз омон қолишимиз даргумон. Ҳаммага айтамиз: шифохона энди беморларни даволаш учун хавфсиз жой эмас. Биз беморларни шу ерда ушлаб, уларга зарар етказмоқдамиз», — дея қўшимча қилди доктор Аҳмад Ал-Моҳаллатий.
Ғазо шимолидаги шифохона шифокорлари Исроил армияси томонидан чиқарилган мажбурий эвакуация буйруғини бажаришдан бош тортди, чунки улар 700 га яқин юқори хавфдаги беморларни ташишда улар ҳалок бўлишидан қўрқишди. Бундан ташқари, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигида одамларни ташиш учун керакли миқдордаги тез ёрдам машиналари йўқ.
Ғазо секторидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори доктор Мунир Ал-Бурш «муаммо шифокорларда эмас, балки беморларда» эканлигини тасдиқлади.
«Уларни ташлаб кетсанг, ўлади, олиб кетсанг ҳам йўлда ўлади. Бу муаммо. Гап 700 нафар бемор ҳақида кетмоқда, — тушунтиради Мунир Ал-Бурш.
Ўз навбатида, АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, Қўшма Штатлар иттифоқдоши Исроил билан музокараларда Ғазо секторидаги шифохоналар масаласини кўтарган.
«Биз касалхоналарда жанглар боришини кўришни хоҳламаймиз. Биз беморлар ҳимоя қилинишини истаймиз», — деди Салливан 13 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Ҳамас Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун расман эълон қилишича, «Ал-Шифо» касалхонасида шанба кунидан бери электр таъминотидаги узилишлар туфайли ҳалок бўлганлар сони 34 нафарга етган, улардан 27 нафари реанимация бўлимидаги бемор ва 7 нафари эрта туғилган чақалоқлардир.
Исроил расмий баёнотларига кўра, «Ал-Шифо» касалхонаси гўёки ҲАМАС қароргоҳи жойлашган туннеллар тепасида жойлашган.
Исроил ҳарбийлари янги туғилган чақалоқлар учун инкубаторларни Ғазога ўтказишни мувофиқлаштирганини маълум қилди.
Исроил ОАВларидаги «таъсирли» лавҳаларда янги туғилган чақалоқлар учун инкубаторлар етказилгани ҳикоя қилинади. Бироқ касалхонада инкубаторларидаги болалар ҳам вафот этишмоқда. Электр қуввати йўқлиги сабабли генераторларда ёқилғи тугаб қолган, Исроил эса ҳаво зарбалари билан томдаги қуёш панелларини йўқ қилган. Шу сабаб у ерга янги инкубаторлар мутлақо кераксиз, чунки уларни улаш учун ҳеч нарса йўқ.
«Биз қамалдамиз ва ўлим доираси ичидамиз», дейди Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили ҳозирда шифохона дарвозаларида Исроил танклари турганини қўшимча қилиб.
Исроил снайперлари ва дронлари касалхонага қарата ўқ узмоқда, бу эса шифокорлар ва беморларнинг ҳаракатланишини имконсиз қилган.
Даҳшатлиси, «Ал-Шифо» касалхонасида электр йўқлиги сабабли ўликхоналар ишламаяпти, шифохона йўлаклари жасадлар билан тўлган.
Аввалроқ Исроилга ён босаётган араб давлатлари номи очиқланганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter