Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Буюк қайтиш». Ишғолдан озод қилинган шаҳарга илк оилалар кўчиб келди

«Буюк қайтиш». Ишғолдан озод қилинган шаҳарга илк оилалар кўчиб келди

Озарбайжоннинг ишғолдан озод қилинган Лочин шаҳрига дастлабки 20 оила кўчиб келди. Қарийб 30 йил оккупация остида бўлган ҳудуд 2020 йилда Иккинчи Қорабоғ уруши якунида қайта Озарбайжон тасарруфига олинган эди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Лочин шаҳрига кўчиб келган илк оилаларга давлат томонидан қурилган уйларнинг калитини топширган.

Сиёсатчига кўра, дастлабки 8 ойда Лочинда 764 оилага атаб юзлаб уй барпо қилинган. Июнь ойи якунига қадар бошқа оилалар ҳам она шаҳрига қайтади. Дастлабки даврда Лочинда 4000 га яқин оила яшаши кўзда тутилган.

И.Алиев кўчиб келаётган оилаларга яшаш ва ишлаш учун шароит яратилишини маълум қилган.

Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. Айни пайтда ишғолдан озод қилинган ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш ва кўп йиллар давомида киндик қони тўкилган шаҳар-қишлоқлардан узоқда яшаган оилаларни қайтариш чоралари кўрилмоқда. Бу жараён «Буюк қайтиш» деб аталмоқда.

Озарбайжон президенти озод қилинган ҳудудларга оилаларни қайтаришга доир 2022–2026 йилларга мўлжалланган давлат дастурини тасдиқлаган. Унга кўра, 2027 йилга қадар Қорабоғ ва Шарқий Зангезурнинг 280 минг гектар ҳудуди минадан тозаланади. Мазкур муддатга қадар минтақага 34,5 минг оила кўчирилади.

Аввал хабар берганимиздек, Қорабоғда ҳозирга қадар иккита (Фузулий ва Зангилан) янги халқаро аэропорт қуриб битказилди.

Режага кўра, 2024 йилда Лочинда ҳам халқаро ҳаво бандаргоҳи фойдаланишга топширилади.

Шунингдек, келгуси йилларда Қорабоғ ва Шарқий Зангезурда мактабгача, ўрта ва олий таълим муассасалари очилиши ҳам кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Фузулий туманида ўзбек халқидан туҳфа сифатида 960 ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб ҳам барпо этилмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг