Боку Еревандан талон-торож этилган конлар бўйича товон талаб қилиши мумкин
Озарбайжон томони оккупация даврида мамлакат конларидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати бўйича Арманистондан зарарни талаб қилиши мумкин.
«Report.az» нашри чоп этган мақолага кўра, расмий Боку мамлакат иқтисодиёти ва экологиясига етказилган моддий зарар борасида халқаро маҳкамаларга мурожаат этишга ҳақли. Озарбайжон конларнинг ишғолгача ва ишғолдан кейинги ҳолатига доир далилларга эга экани айтилмоқда.
1990-йилларда Қорабоғ минтақаси оккупацияси билан якунланган урушдан кейин Озарбайжонга тегишли 150 дан зиёд конлар қўшни давлат назоратида қолиб кетган.
Расмий Бокуга кўра, Арманистон АҚШ, Канада, Ливан, Франциядаги диаспора ширкатлари орқали конлардаги табиий бойликларни ноқонуний қазиб олган. Масалан, Қорабоғдаги Сеюдлу олтин конидан ноқонуний фойдаланилгани борасида даъво мавжуд.
Минтақадаги Қизилбулоқ конида қарийб 50 млн тонна мис, Мехмана конида 37,3 млн тонна қўрғошин ва 40,4 млн тонна рух, Темирли конида 100 млн тонна мис захираси бор.
2020 йилнинг кузида 44 кунлик урушдан кейин Озарбайжон аксар ҳудудларини қайта қўлга киритган.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил 12 декабрдан буён Озарбайжон нодавлат ташкилотлари вакиллари Лочин–Хонкенди йўлида норозилик намойиши ўтказмоқда.
Экофаолларнинг таъкидича, ҳудуднинг рус қўшини жойлашган қисмида Озарбайжонга тегишли табиий бойликлар ноқонуний равишда қазиб олинмоқда.
Озарбайжон иқтисодиёт, экология, табиий ресурслар идоралари экспертлари ҳудудга мониторинг учун қўйилмаган. Боку ушбу ҳолат бўйича Москвага норозилик нотаси топширган. Пировардида маҳаллий фаоллар эътироз рамзи сифатида намойиш бошлаган. Акция қатнашчилари табиий бойликлар қазиб олиниши бўйича мониторинг ўтказиш ва экологик террорни тўхтатишни талаб қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter