Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ Россиянинг Украинага «энг шафқатсиз ҳужуми»га муносабат билдирди

БМТ Россиянинг Украинага «энг шафқатсиз ҳужуми»га муносабат билдирди

БМТ раҳбари тураржойга зарба берилганини уруш жинояти деб атаган.

Фото: Reuters

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россия ҳарбий кучлари томонидан Украинанинг Днепр шаҳридаги тураржойга ракета зарбаси берилганини кескин қоралади. Бу ҳақда бош котибнинг расмий вакили Стефани Трембле маълум қилган. 14 январь куни 9 қаватли уйга бомба ташлангани оқибатида камида 41 киши ҳалок бўлган.  

«Шанба куни тунда Днепрдаги тураржойга ракета зарбаси берилди. Бу ўтган йил февраль ойида Россиянинг Украинага босқини бошланган вақтдан буён кузатилган энг шафқатсиз ҳужумлардан бири саналади», – дейди Стефани Трембле.

БМТ раҳбари Днепрга ҳужум уруш жинояти эканини таъкидлар экан, айбдорларга тегишли жазо берилиши кераклигини уқтирган.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси ҳам тинч аҳоли яшаётган уйга уюштирилган ҳужумни «инсонийликдан йироқ тажовуз» деб атаган ва жазо муқаррарлиги таъминланишини қайд этган.

Украина хавфсизлик хизмати Днепрдаги тураржойга бомба ёғдирган россиялик ҳарбийлар шахсини аниқлашга муваффақ бўлганини маълум қилган. 52-оғир авиация бомбардимончи полки командири Олег Тимошин, ушбу полкнинг авиация отряди командири майор Алексей Иваненко каби ўнлаб ҳарбийлар ҳужумга алоқадор деб кўрилмоқда. Украина хавфсизлик хизмати уруш қонунларининг бузилиши моддаси бўйича жиноий иш очган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мамлакат қуролли кучлари тураржойларга зарба бермаслигини айтиб, айбловларни инкор қилган.

Маълумотларга кўра, Днепрдаги уйга ҳужум оқибатида 41 киши (улардан тўрт нафари болалар) ҳалок бўлган, 77 киши (улардан 14 нафари болалар) жароҳатланган, 46 киши бедарак йўқолган. Вайроналар орасидан ўнлаб одам қутқариб қолинган. Қутқарув амалиёти давом эттирилмоқда. Қутқарув амалиётига юзлаб одам ва ўнлаб техника жалб қилинган.

Аввал хабар берганимиздек, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Днепр ўққа тутилганидан кейин G7 давлатлари ва Европа Иттифоқини Россияга қарши янги санкциялар жорий этишга чақирди.

БМТ эълон қилган сўнгги маълумотларга қараганда, Россия армияси Украинага бостириб кирган 2022 йил 24 февралдан буён 7031 нафар тинч аҳоли, жумладан, 433 нафар бола ҳаётдан бевақт кўз юмган. 11300 дан зиёд киши, жумладан, 830 га яқин бола жароҳатланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг