Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ бош котибининг сирли ўлими

БМТ бош котибининг сирли ўлими

Даг Ҳаммаршёлд.

Фото: БМТ расмий сайти

У БМТнинг энг қудратли бош котибларидан бири дея эътироф этилади. Низоларни ҳал этишда устаси фаранг бўлган сиёсатчи фаолиятининг авж палласида самолёт ҳалокати туфайли ёруғ олам билан видолашган. Бош котибнинг сирли ўлимига 60 йил тўлмоқда, аммо мазкур фожиа борасида тахмину фаразлар тинганича йўқ.

Даг Ҳаммаршёлд (1905-1961) узоқ йиллар Швеция ҳукуматида масъул  вазифаларда ишлаган. 1953 йилда эса БМТ бош котиблигига сайланган. У халқаро тузилма раҳбари сифатида дунёнинг турли минтақаларидаги қонли зиддиятларни тўхтатишга бел боғлаган.

1960 йилнинг 30 июнида Африкадаги Конго мамлакати Бельгиядан мустақил бўлганини эълон қилади. Мазкур ўлкада узоқ йиллар давомида тўраларча ҳукм юритган Бельгия бебелиска бойликдан осонликча воз кечишни истамайди. Бу ёқда эса ўлка бойликларига Буюк Британия ва АҚШ кўз тикиб турган эди. Шу тариқа Конго турли салтанатлар манфаати тўқнашган ҳудудга айланади.

Катта давлатларнинг қутқуси сабаб минтақада фуқаролар уруши хавфи юзага келади. Моиз Чомбе исмли исёнчи табиий ресурсларга бой Катанги музофоти марказий ҳукуматдан ажралиб чиққанини эълон қилади.

БМТ  бош котиби Даг Ҳаммаршёлд Африка, хусусан, Конго бойликлари талон-торож этилаётганини кескин танқид қилиб, ушбу ўлкада тинчлик ўрнатиш учун халқаро тинчликпарвар ҳарбий бўлинма ташкил қилган эди. Моиз Чомбе қўзғолони эса вазиятни баттар мураккаблаштирган эди.  Шу боис Даг Хаммаршельд исёнчилар билан шахсан ўзи музокара ўтказиш учун 1961 йил 17 сентябрда Шимолий Родезияга (ҳозирги Замбия ҳудуди) йўл олади.

Ўша кезлар бельгиялик ёлланма учувчи Ян Ван Риссегем исёнчи Катанги музофоти армияси таркибида жанг қилаётган эди. Европалик учувчи БМТ бош котиби самолётига ҳам ҳужум қилиши мумкин эди. Шу сабаб БМТ делегацияси Конгода жойлашган АҚШ ва Буюк Британия ҳарбийларидан ёрдам сўрайди. Мазкур икки давлат ҳарбийлари учувчи Ян Ван Риссегем БМТ самолётига ҳужум қилмаслигини билдиришади. Аммо бош котибни манзилга элтаётган учоқ Шимолий Родезия ҳудудида шубҳали тарзда ҳалокатга учрайди. Оқибатда учоқдаги 16 кишининг бари, жумладан, БМТ бош котиби ҳам ҳалок бўлади.

Самолёт ҳалокати муҳрланган тарихий кадр. Фотo: «The New York Times»

Дастлабки текширувлардан кейин ҳалокатга техник носозлик ёки ёғилғи тугаб қолгани сабаб бўлган дея хулоса берилган. Аммо ўтган 60 йил давомида БМТ бош котиби учган самолёт уриб туширилгани эҳтимоли ҳам жиддий муҳокама қилиб келинмоқда. Жумладан, 2017 йилда БМТ шафелигида ўтказилган текширувлар якунида самолёт уриб туширилган деган тўхтамга келинган. Қайд этилишича, 1961 йил 17 сентябрда, ўша машъум фожиа рўй берган ҳудудда АҚШ ва Буюк Британия разведка кучлари ва техникаси бўлган. Шунга кўра БМТ Бош ассамблеяси 2017 йил 24 декабрда қўшимча текширувлар ўтказиш ҳақида резолюция қабул қилган. Ушбу ҳужжатда собиқ бош котибнинг ўлимига олиб келган ҳолатни ҳаққоний тафтиш этиш БМТ аъзоларининг бурчи экани таъкидланган.

БМТ бош котиби дафн маросими. Фото: «Википедия»

Мазкур сирли авиаҳалокатга бағишланган ҳужжатли фильмда ҳикоя қилинишича, бельгиялик ёлланма учувчи Ян Ван Риссегем ўлими арафасида самолётни уриб туширгани, аммо учоқда БМТ раҳбари борлигидан бехабар бўлганини айтган.

Самолёт ҳалокатига СССР ҳамда ЖАР ҳам алоқадор экани борасида ҳам фаразлар мавжуд. Тахминлар кўп, аммо орадан йиллар ўтса-да, ҳалокатга дахлдор ҳужжатлар ҳалигача махфийлик пардаси ортида қолмоқда. 

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг