БМТ бош котиби чақириқ билан чиқди
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғарбнинг етакчи давлатларини фаластинлик қочқинларга кўмакни тўхтатмасликка даъват қилди.
БМТ тизимидаги муҳим тузилмалардан саналган Фаластинлик қочқинларга кўмак кўрсатиш бўйича Яқин Шарқ агентлиги 1949 йилдан буён фаолият юритиб келади. Яқинда Исроил ҳукумати агентлик ходимлари 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС томонидан содир этилган терактга алоқадор экани ҳақида иддаони илгари сурди. Бунинг ортидан АҚШ, Германия, Швейцария, Италия, Канада, Финляндия, Австралия, Буюк Британия, Нидерландия каби давлатлар фаластинлик қочқинларга кўмак агентлиги фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни вақтинча тўхтатди.
БМТ бош котиби ушбу давлатлар етакчиларини ўз қарорини қайта кўриб чиқишга ундаган.
Қайд этилишича, Исроилнинг иддаоси тегишли тартибда ўрганилмоқда ва агар БМТ ходимларининг терактга алоқадорлиги тасдиқланса, улар жиноий жавобгарликка тортилади.
Бош котибга кўра, ҳали тасдиқланмаган даъво сабаб оғир шароитда меҳнат қилаётган минглаб ходимлар жамоавий жазоланмаслиги керак. Ғазодаги 2 миллиондан зиёд аҳолининг ҳаёт-мамоти БМТ агентлиги фаолиятига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Агентлик 75 йилдан буён нафақат Ғазо ва Ғарбий соҳилда яшаётган, балки ўз ватанидан бадарға қилинган фаластинлик 6 миллионга яқин фаластинликка ҳам кўмак кўрсатиб келади.
Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрдан буён уруш олиб бораётган Исроил ҳарбийлари агентликнинг 141 та объектини бомбарбидон қилган, БМТнинг 152 нафар ходими ўлдирилган.
Халқаро ташкилотлар Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолиси ҳаётига очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солаётгани ҳақида бонг урмоқда. Ғазода зудлик билан гуманитар кўмак тизими йўлга қўйилмас экан, бомба ҳужумларидан ҳам кўпроқ фаластинлик ҳалок бўлиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter