«Биринчи рақамли қотил!» – АҚШ ажал уруғига қарши халқаро миқёсда курашга чорламоқда
Дунё бўйлаб кенг тарқалаётган синтетик гиёҳвандлик воситалари – опиоидлар тобора кўплаб инсонларнинг бевақт ўлимига олиб келмоқда. Ажал уруғидан азият чекаётган давлатлардан бири сифатида АҚШ ҳамкор мамлакатларни кучларни бирлаштиришга чорламоқда. Хусусан, давлат котиби Энтони Блинкен бу борада сусткашликка йўл қўйиб бўлмаслигидан огоҳлантирган.
«Share.America.gov» маълумотларига кўра, синтетик опиоидлар героиндан 50, морфиндан эса 100 баравар кучлироқдир.
БМТнинг гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳисоботида қайд этилишича, опиоидлар дунё миқёсида энг хатарли наркотик бўлиб қолмоқда. 2022 йилда гиёҳвандлик моддалари истеъмоли билан боғлиқ ўлимларнинг учдан икки қисми синтетик опиоидлар сабабли рўй берган.
Халқаро ташкилот 2010-2020 йиллар оралиғида синтетик опиоидларга ружу қўйганлар икки баравар ортганига эътибор қаратган.
Фентанил синтетик опиоидлар гуруҳига мансуб энг хатарли гиёҳвандлик моддаларидан бири саналади. Бор-йўғи 2 миллиграмм фентанил бевақт ўлим топиш учун кифоядир.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен жорий йил апрель ойида Денвер шаҳрида бўлиб ўтган Америка шаҳарлари саммитида фентанил моддасини 18 ёшдан 49 ёшгача бўлганларнинг биринчи рақамли қотили деб атаган.
«Ўтган йили биз ҳар бир америкаликни ўлдириши мумкин бўлган ҳажмдаги фентанил моддасини мусодара қилдик. Бу муаммо кўлами қанчалар катталигини кўрсатади. Моҳият эътиборига кўра бу халқаро ечимни талаб этади. Шу боис ҳам Давлат департаменти президент Байден раҳбарлигида шу йўналишда қатъий иш олиб бормоқда. Айни чоқда, миллий ва маҳаллий миқёсда чоралар кўрилмоқда», – дейди Э.Блинкен.
Фентанилни тайёрлашда беозор бўлиб туюлган кимёвий моддалар истифода этилади. Бу эса унга қарши курашни янада мураккаблаштиради. Бебилиска даромадга ўрганган жиноятчи тўдалар маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириб, тобора кўпроқ инсонларни ажал тўрига туширишга уринмоқда.
«Ушбу фаолият йирик трансмиллий жиноий ширкатлар томонидан назорат қилинади. Биз ҳар кун, ҳар соат молиялаштириш, ишлаб чиқариш ва тарқатиш тизимини яксон этиш йўлида бош қотирмоқдамиз. Бир пайтнинг ўзида маҳаллий, миллий ва халқаро миқёсда ишламасак, бу муаммони ҳал этиш амримаҳол», – дейди АҚШ бош дипломати.
Вашингтон глобал кучларни мувофиқлаштирган ҳолда, инсоният саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солаётган синтетик наркотиклар тарқалишининг олдини олишга уринмоқда.
Жорий йил май ойида АҚШ ҳукумати 56 мамлакат суд ва ҳуқуқ идоралари вакиллари иштирокида синтетик гиёҳвандлик моддаларига қарши кураш бўйича уч ҳафталик тадбир ташкил этди.
Ҳамкорликдаги амалиётлар давомида эса Шимолий ва Жанубий Америка ҳамда Европада рекорд миқдорда фентанил мусодара қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter