Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Беларусда авжи саратонда қор ёғди. Сиёсий иқлим ўзгаришга юз тутмоқда (фото)

Беларусда авжи саратонда қор ёғди. Сиёсий иқлим ўзгаришга юз тутмоқда (фото)

Александр Лукашенконинг асосий рақиби Светлана Тихановская куч ишлатар тузилма вакилларидан ўз халқига қарши куч ишлатмасликни сўради.

Фото: «Google Images»

9 август куни Беларусда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Шу куни овоз бериш учун сайлов участкасига келган амалдаги раҳбар Александр Лукашенко қатъий ишонч билан мамлакатда фуқаролар уруши ёки тартибсизлик рўй беришига асос йўқлигини айтди. Орадан бир неча соат ўтибоқ, «Батька» янглишгани маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китоблар эълон қилиниши билан бутун мамлакат оммавий намойишлар тўлқини домида қолди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина овоз бериш жараёнида жиддий қонун бузилиши ҳолатлари қайд этилмаганини маълум қилди. Расмий экзит-полга кўра, Александр Лукашенко 81 фоиз овоз олган, унинг асосий рақиби Светлана Тихановскаяга эса сайловчиларнинг 8 фоизи ишонч билдирган.

Муқобил ҳисоб-китоблар эса Светлана Тихановская қарийб 80 фоиз овоз олганини кўрсатди.

Шу тариқа мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенконинг ғалабасини сохта деб билган минглаб аҳоли норозилик намойишларига чиқди.

Пойтахт Минск кўчаларида аввалданоқ кўп сонли милиция ходимлари ва ҳарбийлар назорат олиб бораётган эди. Хабарларга кўра, куч ишлатар идора вакиллари намойишчиларга қарши шовқин чиқарувчи ва кўздан ёш сиздирувчи граната ҳамда резина ўқлар ёғдирган. Тўқнашувларда жароҳатланганлар бор. Кўп сонли намойишчилар ҳибсга олинган.

Аслида, сайлов арафасидаги жараёнлар норозилик намойишлари етилиб келаётганидан хабар бераётган эди. Гап шундаки, сайлов арафаси Александр Лукашенконинг асосий рақиблари — банкир Виктор Бабарико ва блогер Сергей Тихановский ҳибсга олинди, мухолифатнинг яна бир вакили Валерий Цепкало таъқибдан қўрқиб Россияга жуфтакни ростлади. Лукашенко шу тариқа аввалдан тажрибадан ўтган усулда асосий рақибларини ўйиндан чиқариб юборди.

Аммо воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, марказий сайлов комиссияси расман Лукашенкони ғолиб деб топган тақдирда ҳам кўп сонли аҳолини буни қабул қилиши даргумон. Халқаро ҳамжамият ҳам намойишчиларга қарши куч ишлатаётган ҳукуматнинг ғалабасини тан олмаслиги аниқ. Боз устига, «Батька» асосий иттифоқчи бўлган Кремль билан ҳам муносабатларни бузишга улгурди. Демак, Лукашенко курсисини сақлаб қолган тақдирда унинг олтинчи президентлик муддати силлиқ кечмаслиги аниқ бўлиб қолмоқда.

Замонавий Беларусь тарихида илк бор мамлакат бўйлаб оммавий намойишлар авж олди. Бу ҳолатни авжи саратонда қор ёғишига ўхшатиш мумкин. Дарҳақиқат, собиқ Иттифоқ ўлкаларидан бирида сиёсий иқлим ўзгаришга юз тутмоқда...

9 август намойишлари қуйидаги фотосуратларда

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг