Байден Пентагон раҳбарлигига номзодни тақдим этди
АҚШнинг сайланган президенти Жозеф Байден истеъфодаги генерал Ллойд Остин номзодини мудофаа вазирлиги (Пентагон) раҳбарлигига тақдим этди. Бу ҳақда «The Atlantic» журнали хабар берди.
«Мен нега Ллойд Остинни мудофаа вазирлигига танладим» номли мақолада Байден шундай дейди: «Бизга биз дуч келажак чақирувларга муносиб, синовлардан ўтган раҳбар керак».
Байден таъкидлашича, Остин Ироқдаги жанговар ҳаракатларда қатнашган 150 минг нафар америкалик ҳарбийни ватанга қайтаришда муҳим роль ўйнаган.
«Бунинг учун аскарнинг тажрибаси ва стратегиясидан ҳам кўпроқ нарса талаб қилинарди. Остин дипломатия билан шуғулланди, Ироқ ва минтақадаги ҳамкорларимиз билан алоқалар ўрнатди, давлат арбоби сифатида ҳам ўзини кўрсатди», — деди Байден.
«Бугун мен Ллойд Остиндан ватан топшириғи учун — бу сафар АҚШ мудофаа вазири сифатида қайтишни сўрамоқчиман», — таъкидлади Жозеф Байден.
Демократ Остиннинг ҳарбий хизматдан тўрт йил аввал кетгани масаласига ҳам тўхталди. Гап шундаки, АҚШ қонунчилигига кўра, мудофаа вазири бўлиш учун ҳарбий камида етти йил илгари истеъфога чиққан бўлиши керак. Байден сенаторлар Остин учун истисно қилишларига умид билдирди: «Мамлакатимиз дуч келаётган жиддий ва зудлик билан чора кўриш лозим бўлган таҳдидларни кўзда тутиб, унинг номзодини тезда тасдиқлаш керак».
Маълумот учун: Ллойд Остин 2013—2016 йилларда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлигини (СЕНТКОМ) бошқарган. Ушбу қўмондонлик Яқин Шарқ ва Африка минтақаси учун ҳам масъул. Агарда АҚШ Конгресси Сенати тасдиқлайдиган бўлса, Остин Пентагонга раҳбарлик қилган биринчи қора танли бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter