Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Байден жамоасида ихтилоф: Исроилни қуроллантиришга қарши бўлган мулозим истеъфо берди

Байден жамоасида ихтилоф: Исроилни қуроллантиришга қарши бўлган мулозим истеъфо берди

АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди, деб хабар берди СNN.

Амалдорга кўра, АҚШ томонидан Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари дастакланиши ҳам исроилликлар, ҳам фаластинликларга туганмас уқубат келтиради.

11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Жош Пол ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралагани ҳолда, ҳозирги вазиятда яҳудий давлати тутаётган сиёсат ва АҚШ уни қўллаб-қувватлаётгани хато эканини таъкидлаган.

«(ҲАМАСнинг ҳужумига АҚШнинг) амалдаги маъмурияти, шунингдек, Конгресснинг катта қисми реакцияси ғайриихтиёрий характерга эга. Ушбу муносабат сиёсий мушоҳада ва далилларнинг юзакилиги, интеллект тақчиллиги ва бюрократик инерцияга асосланади. Ўн йиллар мобайнида айнан бир йил ёндашувнинг дастаклангани, яъни тинчлик учун хавфсизлик чораларини кўриш тамойили на хавфсизлик, на тинчликка хизмат қилди. Гап шундаки, узоқ истиқболда кўр-кўрона бир томонни қўллаб-қувватлаш ҳар икки томон манфаатларига зиён келтиради», – дейди у.

Давлат департаменти собиқ расмийси Байден маъмурияти фақат Исроилни ҳимоя қилиш орқали ўн йиллардан буён давом этиб келаётган хатони такрорлаётгани, бинобарин, энди бу жараёнда иштирок этишни ўзига эп кўрмаслигини қайд этган. Унга кўра, Исроилга ошиғич равишда қирғин қуроллари берилиши адолатсиз қарор бўлиб, бу АҚШ олий деб билган қадриятларга ҳам зид саналади.

Исроил сўнгги ҳафталарда 2,3 миллион нуфусли Ғазони сув, озиқ-овқат, электр энергия, дори-дармон ва тиббий хизматдан маҳрум қилган ҳолда бомбаламоқда. Жош Пол шу тариқа инсон ҳуқуқларини поймол қилаётган давлатга изчил ҳарбий кўмак кўрсатилишини номақбул деб атаган.

АҚШ ҳар йили Исроилга хавфсизлик йўналишида 3,8 миллиард доллар кўмак беради. ҲАМАС ҳужуми ортидан Вашингтон ўз иттифоқчисига қўшимча ҳарбий кўмак юборди.

Ғазога бостириб киришни режалаштираётган Исроил Қўшма Штатлардан яна ҳарбий ёрдам сўраган.

Президент Байден 19 октябрь кунги чиқишида Исроилга «рақиблари устидан ҳарбий устунликни кафолатлаш мақсадида мисли кўрилмаган кўмак берилиши»ни маълум қилган. Бу ўринда 100 миллиард долларлик кўмак назарда тутилмоқда. Ундан Украина ва АҚШнинг бошқа иттифоқчиларига ҳам улуш ажратилади.

Кузатувчиларга кўра, Исроилга ҳарбий кўмак кўрсатиш борасида АҚШ жамияти икки лагерга бўлинган. Бир тоифа яҳудий давлатига берилаётган дастакни ёқлайди. Иккинчи тоифа эса АҚШ тақдим этаётган қуроллардан фойдаланган Исроил Фаластин ҳудудларида қатлиом уюштираётганини танқид қилади.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Рашида Толиб президент Байденнинг Фаластин–Исроил зиддиятидаги позициясини танқид қилган эди. Демократик партия вакилига кўра, Байден маъмурияти Исроилни бир томонлама дастаклагани ҳолда, бомба ёмғири остида қолаётган оддий фаластинликлар тақдирига қайғурмаётир.

Сўнгги кунларда АҚШда яшовчи яҳудий жамоаси вакиллари ҳам Оқ уйдан Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан юритаётган оккупация, геноцид ва апартеид сиёсатини тўхтатишни талаб қилиб намойишлар ўтказган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг