Байден Ғазода ўт очиш тўхтатилиши мумкин бўлган кунни айтди
Оқ уй раҳбари томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишга яқин эканини билдирди.
Ғазо секторида сулҳ яқин ва келаси душанбагача таъминланиши мумкин, дея журналистларга маълум қилди АҚШ президенти Жо Байден.
Оқ уй раҳбари Фаластин анклавида қачон сулҳга эришиш мумкинлиги ҳақидаги саволга: «Умид қиламанки, шу ҳафта охиригача. Менинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчим биз келишувга жуда жуда яқин эканимизни айтади. Умид қиламанки, келаси душанбага қадар (Ғазо секторида) ўт очишни тўхтатишга эришилади», деди.
Исроил ҳужумлари натижасида Фаластинда қурбон бўлганлар сони 29,7 минг кишидан ошган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. 70 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.
Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг оммавий бомбардимонлари ҳамда блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармон танқислигидан азият чекмоқда. Минглаб бинолар, жумладан касалхоналар, масжидлар ва черковлар ҳам Исроилнинг ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари натижасида зарар кўрган ёки бутунлай вайрон бўлган. Исроил томонида қурбонлар сони 1200 га яқин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter