Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Барчамиз сув остида эдик» — Афғонистонликлар ҳалокатли тошқин ҳақида гапириб беришди

«Барчамиз сув остида эдик» — Афғонистонликлар ҳалокатли тошқин ҳақида гапириб беришди

Ўтган ҳафта Афғонистон шимоли-шарқида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида уйлар сув остида қолган, йўллар вайрон бўлган  ва юзлаб одамлар ҳалок бўлган.

Жабрланганларнинг аксарияти энг яқин шаҳардан бир неча соат узоқда жойлашган ҳудудларда яшайди.

BBC минтақанинг энг кўп жабрланган қишлоқларидан бирига борди ва болалар сув тошқини остидан қутқарилгани ҳақидаги ҳикояларни бирлаштириш учун ўша пайтда олинган далиллар ва тасвирларни тўплади.

Ўтган жума куни сув босганда Нур Аҳмад оиласи билан уйда эди.

Қочиш имконияти бўлмагани учун, уйининг деворлари бардош беришига умид қилиб, оиласининг саккиз аъзосини томга олиб чиқишга қарор қилди.

Улар ҳар томондан қизил-жигарранг лойқа сув оқаётганини кўришди.

Аввалига ҳовли деворлари қулаб тушди. Кейин бино қулади ва оиланинг саккизта аъзосини ҳам оқизиб кетти.

«Девор қулаганда, мен ҳамма нарсани йўқотдим деб ўйлаганимни эслайман»,– дейди Нур. Ҳозир унинг уйи олдида чодир ўрнатилган.

«Сув остида қолганимда ҳаммамиз ўлиб кетамиз деб ўйлагандим. Ё Худо, илтимос, жонимни тезроқ ол ва муаммоларим тугайди» – деб умид қилдим.

Нур сув оқимида бошини деворларга, тошларга ва дарахт илдизларига урганини эслайди. Унинг чап қўли, ўнг оёғи ва боши маҳкам боғланган.

«Бошимдаги тери кесилган эди, жуда катта қисмни тикишларига тўғри келди», – дейди у, ўлчаш учун кафтини кўрсатиб. «Оёғим ва қўлим синган, лекин мен тириклигим ва шу аҳволда эканлигим учун Аллоҳга шукр дейман».

Нур бодом дарахтига ёпишиб омон қолди. Аммо хавфсиз ўрнашиб олгач, унинг 10 ёшли қизи Зулайҳо ғойиб бўлганини сезди.

Нурнинг уйи қаршисида масжид бор, у яна бир қутқарув жойига айланди.

Болалар қалин, лойга ботган том устида бир-бирига суянган ҳолда ўтиришар эди. Уларнинг барчаси сув тошқини остидан олиб чиқилди.

Ҳабибуллоҳ уларни қутқаришга ёрдам берганлардан бири.

«Мен масжидда эдим, эшикдан сув оқими келди», – дейди у — «Ҳаммамиз сув остида эдик. Баъзилар томга чиқишга муваффақ бўлди. Бошқаларнинг ёрдами билан деразани синдирдик. Мен болаларни рўмол билан боғладим, кейин дўстим уларни томга олиб чиқди».

Баъзиларнинг боши ва юзларида жароҳатлар ва кўкаришлар бор.

Биз жами саккиз болани қутқардик, энг кичиги атиги уч ойлик.

Айни пайтда, қуйи оқимда, 18 ёшли Элҳамуддин сув тошқинида бўлган воқеани айтиб берди. Унинг оиласи дала тарафдаги катта дарахтда қандайдир бир ҳаракатни пайқашади.

Бу Нур Аҳмаднинг қизи 10 ёшли Зулайҳо эди.

«Оқим уни олиб кетишидан қўрқиб, дарахт ёнига чалқанча сузарди»,– дейди Элҳамуддин.

«Отам ва онам у ерга бормасликни, акс ҳолда сел олиб кетишини айтдилар, лекин шунчаки ўтира олмадим»,– деб тушунтиради Элҳамуддин. — «Ниҳоят, у ерга етиб бориб, уни уйимга олиб келдим. Бу ишни уддалай олишимни билар эдим».

У кўкрак қафасининг баландлигига ишора қилади.

«Сув бу ергача етди. Мен уни орқамга опичлаб, уйимизга олиб келдим. Танасининг катта қисми шикастланган».

Зулайҳо лойга ботган, ҳорғин аҳволда, аммо тирикка ўхшарди. Оиласининг айтишича, у ҳозир қариндошининг уйида ва анча тузалиб қолган.

Элҳамуддин, унинг синглиси ва онаси Зулайҳони касалхонага юборишдан олдин яраларини тозалашга ёрдам беришганини айтишди.

«Мен улар билан фахрланаман»,– дейди Элҳамуддиннинг отаси. — «Улар бутун Афғонистоннинг фахри. Улар бутун дунёнинг фахри».

Нур қизи қутқарилгандан бери унинг ҳаётини сақлаб қолган оилани биринчи марта кўрди.

Элҳамуддин отаси билан Нурнинг чодирига етиб келгач, у йиғлай бошлайди.

«Менинг уйимдан фақат тўртта ғишт қолган», – дейди Нур. — «Менда ҳозир ҳеч нарса йўқ, лекин мен сизга бутун дунёни берганимда ҳам, бу менга қилган яхшилингизга тенг  бўлмайди».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг