Атамбаев қўлга олинмади, бир аскар ўлди. «Альфа»нинг ҳужуми ва баёнот ҳақида батафсил
Кеча тунда Қирғизистон республикаси собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти бўлиб ўтди. Аммо махсус кучлар томонидан режалаштирилган амалиёт Атамбаевнинг тарафдори бўлган одамлар томонидан йўққа чиқарилди.
Гарчи Атамбаев қўлга олингани ва вертолетда номаълум томонга олиб кетилгани ҳақида хабар берилган бўлса-да, у ҳамон озодликда қолмоқда. Камига собиқ президент ўзи назорат қиладиган «Апрель» телеканали орқали мурожаат билан чиқиш қилди.
«Мен куч ишлатар тизимларга мурожаат қилмоқчиман: ўз халқингизга ўқ узманг. Бу сиз учун жуда ёмон якунланади», — деди Атамбаев.
Қўлга олиш амалиёти кеча, чоршанба оқшомида, Бишкекдан 20 километр узоқликдаги Қўй-Тош қишлоғида бўлиб ўтди. Атамбаевнинг резиденцияси айнан шу ерда жойлашган. Амалиёт бошлангани ҳамоно «Альфа» махсус кучлар аскарлари резина ўқлардан ўт очишни бошлаб юборди. Атамбаевнинг тарафдорлари эса қўлларига илинган нарса билан жавоб қайтардилар.
Натижада ҳар икки томондан 43 киши яраланди ва махсус кучлар аскарларидан бири жароҳатлар оқибатида вафот этди. Аммо экс-президентни қўлга олишнинг иложи бўлмади.
Атамбаев ўз чиқиши давомида жабрланган одамлар ҳақида ҳам гапириб ўтди.
«Бугун мени қўлга олишга уриниш бўлиб ўтди ва афсуски айбсиз одамлар жабр кўрди. Чунки мени қўлга олиш учун террорчиликка қарши курашадиган «Альфа» махсус кучлари келган эди.
Биз террорчи эмасмиз. На мен ва на уйим атрофидаги одамлар. Кўпчилик бу ерга шунчаки мен билан суратга тушиш учун келган эди. Ҳукуматнинг бу қадар ваҳшийлиги эса одамни ҳайратга солади», — деди Атамбаев.
Атамбаевнинг фикрига кўра ҳарбийлар нафақат резина ўқлардан, балки жанговар ўқлардан ҳам фойдаланган. «Афсуски жабрланганлар жуда кўп, улар орасида оғир жароҳат олганлар ҳам бор. Ҳукумат ҳуқуқий майдонда курашиш ҳақидаги чақириқларимни инобатга олмади», — дейди Атамбаев.
Шу билан бирга собиқ президент ўзини қўлга олишга йўл қўймаган одамларга миннатдорчилик билдирди.
«Ҳукумат Атамбаевнинг унини ўчириш учун ўз халқини ўққа тутишга ҳам тайёр. Мен оддий қирғизистонликлардан беҳад миннатдорман. Улар бирдамлик намойиш этишди ва мени қўлга олишларига йўл қўйишмади. Ҳукумат ўзига келиб олиши лозим, биз тиз чўкиб яшайдиган халқ эмасмиз», — дейди Атамбаев.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон парламенти 20 июлда Атамбаевга қаратилган айбловларни прокуратурага оширган эди. Ушбу айблов депутатларнинг махсус суриштирув қўмитаси томонидан йиғилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари эса Атамбаев Бишкек ИЭС модернизациясида коррупцияга йўл қўйган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берди. Собиқ президент шунингдек уюшган жиноятчилар тўдаси етакчиси Азиз Батукаевни сохта тиббий хулоса билан озодликка чиқариш, ерларни ноқонуний эгаллаб олиш ва бошқа жиноятларда айбланмоқда. Агар суд Атамбаевни айбдор, деб топса, у бир умрга қамалиши мумкин.
Атамбаевнинг ўзи парламентнинг айбловларини «сафсата» деб баҳолаган ва халқи олдида тоза эканини айтиб ўтган. У президентлиги даврида амалга оширган ишлари учун жавоб бера олишини таъкидламоқда.
Алмазбек Атамбаев мамлакатни 2011 йилдан то 2017 йилга қадар бошқарган. У дарҳақиқат халқ томонидан сайланган ва ваколат муддати якунига етгандан сўнг ихтиёрий равишда президентлик постини топширган ягона раҳбар ҳисобланади.
Атамбаев сайлов вақтида янги президент Сооронбай Жээнбековни қўллаб-қувватлаган эди. Аммо сайлов ўтгани ҳамоно ўртадаги муносабатлар совуқлаша бошлаган ва Атамбаев янги президентни бир неча бор танқид қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter