Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ари қачон қотилга айланади?

Ари қачон қотилга айланади?

Фото: «Global Look Press/Julian Stratenschulte/dpa»

Франция фуқароси биргина ари чақишидан сўнг вафот этди, деб ёзади «Le Dauphiné Libéré».

Бретанда истиқомат қилувчи 52 ёшли одам турмуш ўртоғи, икки ўғли ва келини билан Франция жануби-шарқида Анси кўли яқинида дам олаётганди. Тушлик пайтида унинг оғзига ари кириб қолиб, тилини чақиб олди. Натижада суяксиз аъзо шишиб кетди ва ҳалиги одам бўғила бошлади.

Кўп ўтмай француз ҳушидан кетиб, юраги тўхтаб қолди. Воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар эркакни жонлантиришга роса уринишди. Бироқ кеч бўлганди: эркакнинг ўлимини қайд этишдан ўзга чоралари қолмади.

Нашрнинг таъкидлашича, ари ва асалари чақишидан ўлим ҳолати аксарият ҳолларда аллергия ёки кўплаб ҳашарот чақиши натижасида содир бўлади. Бироқ томоқ ёки тилни ҳатто бир марта чаққанда ҳам, вазият фожиа билан тугаши ҳеч гап эмас. Шиллиқ қават тез шишиб, асфиксия, яъни кислород етишмаслиги натижасида бўғилиш, нафас сиқишига сабаб бўлади.

Ўтган йили октябрь ойида Испаниянинг Феррейра-де-Пантон шаҳрида ҳам бир одам бир гала арилар ҳужумидан сўнг ҳаётдан кўз юмганди.

66 ёшли Эдуардо Мартинес буталарни кесаётган вақтда, тасодифан ари уясини бузиб юборган. У қочишга уриниб кўрган, бироқ ҳашаротлар уни ўраб олиб, ҳамма томондан ҳужум қилишган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг