Аргентинада 140 миллион ёшли динозавр скелети кўргазмага қўйилди
Буэнос-Айрес (Аргентина)даги кўргазмалар марказида янги турдаги динозавр — Bajadasaurus Pronuspinax зауроподлари скелетининг бир қисми намойишга қўйилди. Зауропод қолдиқлари 2013 йили Патагонияда топилганди. Бу ҳақда «Euronews» хабар берди.
Зауроподлар юра ва бўр даври оралиғида яшаган, тўрт оёқда юрувчи ўтхўр динозаврлар бўлган. Хос жиҳати бўйни ва уст қисмида ғайриодатий узун найзалари мавжудлиги.
«140 миллион йил илгари яшаган бу динозаврнинг биз учун нимаси қизиқ? Балки унинг воситасида динозаврлар эволюциясининг аввал ўзимизга маълум бўлмаган жиҳатларини кашф этармиз. Бу ёшдаги қатлам, 140 миллион йиллик жинслар фавқулодда кам учрайди, ажабмас, у бизга ўша дунёга мўралаш учун бир туйнук вазифасини ўтаса», — деди Аргентина фан-техника тадқиқотлари миллий кенгаши (CONICET) ходими Пабло Галлина.
Зауроподга қайтамиз: жуда узун найзалари афтидан уни бошқа йиртқичлардан ҳимоялаш учун керак бўлган — ҳар ҳолда бу мутахассисларнинг хулосаси. Қизиғи, бу найзалар худди ҳозирги сут эмизувчи ҳайвонларнинг шохларидаги каби кератин билан қопланган экан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter