«Араб баҳори»нинг қонли шамоли: навбат Судангами?
Куни кеча ишчи ташриф билан Мисрга келган Судан президенти Умар Башир унинг мамлакатига ҳам «араб баҳори»ни олиб келишга уринилаётганини таъкидлади.
Суданда ўтган йилнинг 19 декабрдан бери норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Нон нархининг ошиши, умуман, қимматчилик сабаб бошланган намойишларда ўнлаб фуқаролар ҳалок бўлди, юзлаб кишилар яраланди. Кўчаларни тўлдирган норозилар иқтисодий аҳволни ўнглаш, ҳукуматнинг истеъфоси ва мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилишмоқда. Ҳукумат бу ҳодисаларда ташқи кучлар, хусусан, Исроилнинг қўли борлигини айтмоқда.
1989 йилдаги ҳарбий тўнтариш ортидан давлат тепасига келган Умар Башир ҳамон Суданни бошқариб келмоқда. Ўтган вақт давомида мамлакат жуда катта қийинчиликлар ва қирғинларни бошидан ўтказди. Масалан, 2003 йилнинг февралида Дарфур минтақасида араблар ва қора танлилар ўртасида бошланган низода, турли маълумотларга қараганда, 300-400 минг киши ҳалок бўлди, 2 миллионга яқин аҳоли жон сақлаш учун муҳожирга айланди. 2008 йилнинг 21 июлида Халқаро жиноят суди Дарфурда геноцид уюштириш айблови билан Умар Баширни ҳибсга олишга ордер беради. Таъкидлаш шарт, шу пайтгача амалдаги давлат раҳбарига нисбатан халқаро доирада бундай ҳуқуқий чора кўрилмаган эди.
Бундан ташқари, Баширнинг бошқаруви пайтида Судан иккига бўлиниб кетди: анчадан бери мустақилликка интилиб келаётган, аксар аҳолиси насронийлардан иборат ва нефтга бой жануб ниятига эришди: 2011 йилнинг 9 июлида Жанубий Судан Республикаси тузилди. Аммо икки ўртада чегара низоси қуролли тўқнашувларга айланди. Қисқаси, Жанубий Судан мустақилликка эришганидан бери ҳаловат топгани йўқ: 2017 йилда бу минтақада очарчилик бошланди.
Таъкидлаш жоизки, йигирма йил давомида халқаро санкциялар остида бўлган Суданда иқтисодий аҳвол ҳавас қиладиган даражада эмас. АҚШ 1997 йилдаёқ «инсон ҳуқуқларини бузаётгани ва терроризмни қўллаб-қувватлаётгани учун» Суданга нисбатан иқтисодий санциялар жорий этган. Бу чекловлар савдо эмбаргосидан ташқари Судан ҳукуматининг АҚШ ҳудудидаги активларини музлатишни кўзда тутган эди. 2006 йилда Судан раҳбариятини Дарфур фожиасига алоқадорликда айблаган Вашингтон санкцияларни кенгайтиришга қарор қилди. Санкциялар 2017 йилнинг декабрига келибгина юмшатилди.
Хуллас, Судан раҳбарияти иқтисодиётни санкциялар шароитида ривожлантириш билан шуғулланишига тўғри келди. Аммо айрим мутахассислар фикрига кўра, ҳукумат иқтисодиётнинг айрим секторлари, хусусан, қишлоқ хўжалигига етарлича эътибор қаратмади. Ҳолбуки, мамлакатда қишлоқ хўжалиги учун катта имкониятлар мавжуд.
Президент Умар Баширнинг айтишича, санкциялар бошланганидан кейин Судан иқтисодий танг аҳволга тушиб қолган. «Буни бир кунда ёки бир кечада ҳал этиб бўлмайди, бироқ биз ҳозирги мураккаб вазиятдан қандай чиқиб кетишни биламиз», – деди у. Яъники, давлат раҳбари сабр қилиш кераклигини айтмоқда. Аммо суданликларнинг бунга тоқати етармикан?..
Убайдуллоҳ Адҳамов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter