АҚШлик таниқли сиёсатчи Байденга Исроил борасида шарт қўйди
АҚШдаги таниқли сиёсатчилардан бири, сенатор Берни Сандерс Исроил Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлими сабабли дунё ҳамжамияти кўз ўнгида обрўсини йўқотаётганини айтди. Шунга кўра у президент Жо Байдендан Исроил раҳбариятига тинч аҳоли вакилларини ўлдирмаслик борасида шарт қўйишни талаб қилган.
«Жаҳон нигоҳи билан қарасак, Исроил бу урушда мағлубиятга учрамоқда. Даҳшатли урушни давом эттириши учун (Исроилга) яна 10 миллиард доллар бериш масъулиятсизлик бўлур эди», – деган яҳудий миллатига мансуб сенатор Берни Сандерс.
Вашингтон анъанавий равишда Исроилни молиявий, ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади. Айни пайтда давом этаётган ҲАМАСга қарши урушда ҳам Қўшма Штатлар яҳудий давлатини яқиндан дастакламоқда.
Оқ уй таклиф этаётган лойиҳага кўра АҚШ Исроилга 14,3 миллиард доллар миқдорида навбатдаги молиявий ёрдамни йўлламоқчи. Аммо Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари қони тўкилаётган бир пайтда АҚШ жамоатчилиги, ҳатто Байден жамоасининг ўзида ҳам Исроилга молиявий кўмак кўрсатилишини танқид қилаётганлар сафи тобора кенгаймоқда.
Ўз даврида президентликка номзод бўлган Берни Сандерснинг фикрича, Исроил ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга, аммо бу тинч аҳоли вакилларини қириш мумкинлигини англатмайди.
Сиёсатчи АҚШ ўз иттифоқчиси Исроилга таъсир ричагларидан фойдаланиши вақти келган деб ҳисоблайди. Таъкидланишича, кўп миллиардлик кўмак беришдан аввал Исроил зиммасига тинч аҳоли ўлимини камайтириш борасида мажбурият юкланиши керак.
Сенатор Сандерс Ғазода гуманитар инқироз авж олгани, икки миллиондан зиёд одам озиқ-овқат ва дори-дармонсиз қолганидан хавотир билдирган.
«Конгресс (Исроил бош вазири Бинямин) Нетаняҳуга Қўшма Штатлар Фаластиндаги аёллар ва болаларни ўлдириш учун васиқа тутқазмаганини тушунтириши керак», – деган у.
Маълумки, Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазода кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказяпти. Исроил бомбардимонлари оқибатида сўнгги икки ой ичида Ғазода 18 мингга яқин тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тинч аҳоли вакиллари қонини тўкишни тўхтатишни талаб қилмоқда.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ҳужумларига нишон бўлаётган Ғазо минтақаси болалар қабристонига айланаётгани ҳақида бонг урган ва ноинсоний оммавий жазолаш амалиётига чек қўйиш лозимлигини айтган.
Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси икки ойдан буён сув, озиқ-овқат, электр энергия, ёнилғи ва тиббий хизматдан маҳрум ҳолда жон сақламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қамалдаги ҳудудда юқумли касалликлар янада кенг тарқалишидан огоҳлантирган.
Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлими ошиб бораётган бир вақтда Исроилнинг яқин иттифоқчи АҚШ сиёсий доираларида ҳам хунрезликка чек қўйиш талаби баландроқ овозда янграмоқда.
Аввалроқ АҚШ президентлигига номзод, яҳудий миллатига мансуб Жилл Стайн ҳам Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазо секторида геноцид ва ҳарбий жиноятлар содир этишда айблаган эди. Яшиллар партияси вакили президент Байденни Ғазодаги хунрезликларга шерик эканини қайд этган.
Октябрь ойида эса АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter