Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШда маҳбус янги усулда қатл қилиниши мумкин

АҚШда маҳбус янги усулда қатл қилиниши мумкин

Алабама Олий суди АҚШда азот газидан фойдаланган ҳолда биринчи марта қатл қилишга рухсат берди. Ушбу ижро усули учта штатда биринчи марта 2018 йилда тасдиқланган, бироқ шу пайтгача қўлланилмаган эди.

NBC News телеканали хабарига кўра, 58 ёшли Кеннет Юджин Смит ушбу янги қатл усулига дучор бўлиши мумкин. У 1988 йилда Алабамадаги воизнинг хотинини ўлдиришда иштирок этганликда айбланган. Қотилликка аёлнинг ўлимидан сўнг суғурта пулини олмоқчи бўлган эри буюртма берган.

Эътиборлиси, Юджин Смитни аввалроқ қатл қилишга ҳаракат қилишганди, аммо томирга томчи юбориш ускунасининг ишдан чиқиши туфайли ҳукм ижроси кейинга сурилганди.

Маҳкумнинг адвокатлари қатлнинг янги усулига қарши. Уларнинг таъкидлашича, бу усул ҳали синовдан ўтмаган ва шунинг учун конституцияга зиддир.

Қатл қилиш жиноятчининг оғзи ва бурнига респиратор қўйишни ўз ичига олади, у орқали азот помпаланади. Натижада, одам ҳушини йўқотиб, кислород етишмаслигидан вафот этади.

Штат губернатори Кай Ивей қатл санасини белгилайди.

Қўшма Штатлардаги ўлим жазоси 27 штатда қонуний жазо ҳисобланади. Бироқ, 8 штатда унга турли хил мораторийлар киритилган.

Ҳозирги вақтда турли штат қонунлари ўлим жазосининг бешта усулини назарда тутади: осиш, отиш, электр стул, газ камераси ва ўлимга олиб келадиган инъекция.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг