Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШда дунё иқтисодиёти тақдирига доир муҳим келишувга эришилди

АҚШда дунё иқтисодиёти тақдирига доир муҳим келишувга эришилди

АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Конгресс Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти давлат қарзи борасида муросага эришди. Бу ҳақда президент Байден Twitter платформасидаги расмий саҳифасида маълум қилди.

АҚШ етакчиси тафсилотларни тўлиқ очиқламаган ҳолда, гарчи томонлар истаги тўлиқ инобатга олинмаса-да, муросага эришилганини қайд этган. Айни чоқда, у демократларнинг муҳим мақсадлари ҳимоя қилинишини урғулаган.

Ўз навбатида, спикер Кевин Маккарти демократлар маъмурияти билан келишувни “Америка халқига муносиб принципиал битим” деб атаган.

Таҳлилчиларга кўра, ушбу келишув АҚШни дефолтдан қутқарибгина қолмай, дунё иқтисодиётида рўй бериши кутилаётган ларзаларнинг ҳам олдини олади.

АҚШда давлат қарзига доир лимитни ошириш борасидаги баҳс-мунозаралар бир неча ойдан буён давом этмоқда. Байден маъмурияти қонун чиқарувчи идора аъзолари – конгрессменлардан давлат қарзи чекловини янада оширишни талаб қилаётган эди. Конгрессда кўпчиликни ташкил қилувчи мухолиф партия вакиллари – республикачилар эса харажатларни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояга доир маблағлар сарфини қатъий назорат қилиш тарафдори.

Айни пайтда АҚШ давлат қарзи 31,4 триллион долларни ташкил этмоқда. Молия вазири Жанет Йеллен жорий йил 5 июнга қадар бюджет тасдиқланмаса, мамлакат тўлов қобилиятини йўқотиши, дефолтга учраши ва иқтисодий-молиявий бўронлар домига тушишидан огоҳлантирган.

Байден маъмурияти ва Вакиллар палатаси ўртасидаги оғзаки келишув 5 июнга қадар қонунга кўчиши керак. Акс ҳолда, мамлакат дефолтдан қутула олмайди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг