Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Сенати Исроилга молиявий ёрдам тўғрисидаги ҳужжатни маъқулламади

АҚШ Сенати Исроилга молиявий ёрдам тўғрисидаги ҳужжатни маъқулламади

АҚШ Сенати 7 ноябр, сешанба куни Исроилга Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатига қарши курашида 14,3 миллиард доллар (13,5 миллиард евро) ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқулламади. Аввалроқ, 2 ноябр куни мазкур ҳужжат лойиҳаси республикачилар кўпчилик бўлган Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган, бироқ демократлар устунликка эга бўлган АҚШ Конгрессининг юқори палатасида овоз беришдан ўтмаган эди.

Агар Сенат қонун лойиҳасини маъқуллаганида, у АҚШ президенти Жо Байденга имзолаш учун тақдим этилган бўларди. Бироқ Оқ уй олдинроқ Байденнинг икки палатада овоз беришдан ўтиб, якунланган тақдирда ҳам ҳужжатга вето қўйиши ва имзолашдан бош тортиши ҳақида олдиндан огоҳлантирган эди.

Республикачилар томонидан 30 октябрда илк бор тақдим этилган мазкур қонун лойиҳаси Вакиллар палатаси янги спикери Майк Жонсон давридаги биринчи йирик қонунчилик ташаббуси ҳисобланади. Унинг моҳияти фақат Исроилга ёрдам кўрсатишдан, жумладан, Исроилнинг «Темир гумбаз» ва «Довуд найзаси» ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олиш учун 4 миллиард доллар, шунингдек, «Iron Beam» тизимини ривожлантириш учун 1,2 миллиард доллар ажратишдан иборат.

Қонун лойиҳаси киритилгач, у АҚШ сенаторлари томонидан танқид қилинди. Ўз навбатида, Сенатдаги Демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер Вакиллар палатасида тақдим этилган қонун лойиҳасини «бемаъни таклиф» деб атади.

Аввалроқ, 20 октябр куни Жо Байден АҚШ Конгрессига Украинага бир йил муддатга 61,4 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар ҳамда қўшимча маблағ сифатида 31 миллиард доллар, жумладан, Фаластин аҳолисига ёрдам бериш учун 10 миллиард доллар ажратиш сўровини юборган эди. Шунингдек, Байден сўровида АҚШ-Мексика чегарасини мустаҳкамлаш учун 13,6 миллиард доллар ҳамда бошқа миллий хавфсизлик масалаларини ҳал қилиш учун 7,4 миллиард доллар ажратиш ҳам бўлган. АҚШ президенти Конгрессдан сўраган маблағнинг умумий миқдори 106,7 миллиард долларни (100 миллиард евро) ташкил этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг