Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ расмийлари Марказий Осиёга серқатнов бўлиб қолгани Кремлнинг тинчини бузмоқда

АҚШ расмийлари Марказий Осиёга серқатнов бўлиб қолгани Кремлнинг тинчини бузмоқда

Фото: «112.ua»

Кремль АҚШнинг Марказий Осиёда фаоллашаётганидан жиддий хавотирга тушиб қолган. «Коммерсантъ» нашри Россия давлат тузилмаларидаги манбаларига таяниб хабар беришича, Қўшма Штатларнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси эълон қилингани ҳам расмий Москва томонидан оғриқли қабул қилинган.

«Коммерсантъ» нашри суҳбатдошларидан бири АҚШ Давлат департаменти сайти чоп этилган стратегия тўлиқ эмаслиги, мазкур ҳужжатнинг махфий қисми ҳам борлигини иддао қилган.

Оқ уй ўтган ҳафта Марказий Осиё бўйича янги стратегияни эълон қилди.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Лайза Кертисга кўра, 2020-2025 йилларга мўлжалланган янги стратегия бир йил давомида тайёрланди. У 2015 йилда президент Барак Обама даврида қабул қилинган ҳужжатнинг ўрнини босади.

Таҳлилчиларга кўра, стратегияда инқилобий ўзгаришлар кўзда тутилмаган. Аммо муҳим нуқта шундаки, эндиликда Марказий Осиё, Қўшма Штатлар ҳарбий контингенти Афғонистонда бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, муҳим стратегик минтақа сифатида тан олинмоқда. Ҳозирга қадар Вашингтон минтақанинг беш давлатига Афғонистондаги ҳарбий операциялар сабаб эътибор қаратар эди. Энди эса минтақа мустақил аҳамиятга эга экани эътироф этилмоқда.

Янги стратегияда АҚШ Марказий Осиё давлатларининг  суверенитети ва мустақиллигини муҳофаза этиш йўлида кўмак беришга шайлиги таъкидланган. Гарчи ҳужжатда минтақа давлатлари суверенитетига қайси сиёсий кучлар ёки давлатлар таҳдид қилаётгани очиқ айтилмаган бўлса-да, бу ўринда гап Россия, Хитой ҳамда қисман Эрон ҳақида кетаётганини тахмин қилиш мумкин.   

Стратегияда қайд этилишича, АҚШ томонидан ҳозирга қадар минтақага давлат кўмаги шаклида 9 миллиард доллар, хусусий дастак кўринишида эса 50 миллиард доллардан зиёд сармоя ва кредит ажратилган.

Ҳужжатда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш ҳам асосий тамойиллардан бири ўлароқ белгиланган.

Айни пайтда Марказий Осиё давлатларига фақат Россия ёки Хитойга суяниб қолмай, кўп векторли сиёсат юритиш, АҚШ ҳамда Европа иттифоқи каби куч марказлари билан ҳам яқин ҳамкорликда бўлиш тавсия этилмоқда. Демократия маркази саналган мутараққий давлатларнинг минтақада фаоллашуви эса Москва ва Пекинга хуш келмаяпти. Россия ва Хитой расмийлари ўз норозилигини гоҳо очиқ тарзда, гоҳида эса ишоралар орқали билдириб келмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео томонидан Тошкентда билдирилган мулоҳазаларни ёлғон ва иғво деб атаб, ғазабнок баёнот билан чиққан эди.

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг