АҚШ президентлигига номзод Исроилни айблади
АҚШ президентлигига номзод, яҳудий миллатига мансуб Жилл Стайн Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазо секторида геноцид ва ҳарбий жиноятлар содир этишда айблади.
Яшиллар партияси вакили Ж.Стайн АҚШнинг амалдаги президенти, демократ Жо Байденни Ғазодаги хунрезликларга шерик эканини қайд этган.
«Биз Нетаняҳу режимининг ҳарбий жиноятларини, шунингдек, ушбу жиноятларда Байденнинг кўмаги ва шериклигини тафтиш этишга чақирамиз», – деган президентликка номзод.
Унга кўра, нафақат АҚШ президенти, балки республикачи ва демократик партиялар етакчилари ҳам Исроил Ғазода содир этаётган жиноятларга шерик бўлмоқда.
«Нетаняҳу фаластинликлар қарши содир этаётган ҳарбий жиноятлар геноцидга айланиб кетди, одамлар озиқ-овқат, сув ва электр энергиядан ҳам маҳрум қилинган. Улар аёвсиз бомбаланмоқда, бошпанасини ташлаб кетишга мажбурланмоқда», – деган Жилл Стайн.
У ўт очишни тўхтатиш, гуманитар кўмак етказиш, тинч аҳолини тиббий хизмат билан таъминлаш ва ҲАМАС гаровга олган одамларни озод қилишга чақирган.
Асл касби шифокор бўлган Жилл Стайн нуфузли Ҳарвард университетини тамомлаган. У аввалги сайловларда ҳам президентлик учун курашган.
АҚШ матбуоти хабарига кўра, президент Байден Фаластин–Исроил зиддиятида яҳудий давлатини қўллаб-қувватлаб, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан кўз юмаётгани сабаб сиёсий доираларда, ҳатто унинг сайлов штабида ҳам норозилик кучаймоқда.
Ғазо шафқатсиз бомбардимон қилинишда давом этаркан, Оқ уй маъмуриятининг расмийлари орасида ҳам ўт очишни тўхтатишга чақираётганлар сони ортмоқда.
Бир неча ҳафта аввал АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Пол ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралагани ҳолда, ҳозирги вазиятда яҳудий давлати тутаётган сиёсат ва АҚШ уни қўллаб-қувватлаётгани хато эканини таъкидлаган.
Аввал хабар берганимиздек, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Рашида Толиб ҳам Байденнинг Яқин Шарқ бўйича позициясини танқид қилган. Демократик партия вакилига кўра, амалдаги маъмурият Исроилни бир томонлама дастаклагани ҳолда, бомба ёмғири остида қолаётган оддий фаластинликлар тақдирига қайғурмаётир.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан 2,3 миллион нуфусли Ғазода кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказяпти. Тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан ларзага тушган дунё ҳамжамияти Исроилдан халқаро ҳуқуққа риоя қилишни талаб қилмоқда. Хусусан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо минтақаси болалар қабристонига айланаётгани ҳақида бонг урди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter