Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ ҳукумати ўз фуқароларини зудлик билан Россияни тарк этишга чақирди

АҚШ ҳукумати ўз фуқароларини зудлик билан Россияни тарк этишга чақирди

АҚШнинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси 27 сентябр куни Россияда истиқомат қилаётган ёки вақтинча бўлиб турган АҚШ фуқаролари учун хавфсизлик чоралари тўғрисида огоҳлантириш берди.

Расмийлар ўз фуқароларини Россия Федерациясига саёҳат қилишдан тийилишга ва айни пайтда «Россияда яшаётган ёки саёҳат қилганларни дарҳол мамлакатни тарк этиш»га чақирмоқда.

Элчихона АҚШ фуқароларининг эътиборини Россия расмийларининг 21 сентябр куни эълон қилган сафарбарлиги муносабати билан ҳам АҚШ, ҳам Россия паспортига эга бўлган фуқаролар (АҚШ қонунчилиги икки фуқароликка рухсат беради, -таҳр.) ҳарбий сафарбарликка жалб қилиниши хавфи юқорилигига қаратмоқда.

«Айни вақтда тижорий ҳаво қатновлари жуда чекланган ва қисқа вақт ичида бутунлай тўхташи мумкин. Автомобил ва автобусларда қуруқлик орқали қайтиш йўллари эса ҳали ҳам очиқ. Агар сиз Россияни тарк этмоқчи бўлсангиз, имкон қадар тезроқ бир қарорга келишингиз керак. Элчихонанинг АҚШ фуқароларига ёрдам бериш имконияти, хизмат кўрсатиш доираси, жумладан транспорт масалаларида, чекланган. Эҳтимол бу чекловлар янада кучайиши мумкин», – дейилади маълумотда.

Элчихона, шунингдек, АҚШ фуқароларига «Россияда тинч йиғилишлар ва сўз эркинлиги кафолатланмаганини» эслатади.

«Барча сиёсий ёки ижтимоий норозилик намойишларидан узоқроқ туринг. Бу тадбирларда хавфсизлик ходимларини суратга олманг. Россия ҳукумати намойишларда қатнашган АҚШ фуқароларини ҳибсга оляпти», – дейилади АҚШнинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси огоҳлантирувида. 

Ўз навбатида Россияда бўлиб турган АҚШ фуқароларига:

  • Россияда бўлиб туриш бўйича Департамент тавсияларини кўриб чиқишни;
  • Шахсни тасдиқловчи ҳақиқий ҳужжатларни, жумладан Россия визаси бўлган АҚШ паспорти билан юришни;
  • АҚШ ҳукуматининг ёрдамига боғлиқ бўлмаган фавқулодда вазиятлар режасига эга бўлиш лозимлиги уқтирилмоқда.

Euronews нашри эса мазкур хабарни чоп этиб, бу огоҳлантиришни Россия чегараларининг ҳали эълон қилинмаган ҳарбий ҳолат ортидан ёпилиши мумкинлиги билан боғлаяпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг