АҚШ Эроннинг Суриядаги объектларига зарба берди
АҚШ қуролли кучлари президент Жо Байденнинг буйруғига биноан Сурия шарқида, Вашингтон маълумотларига кўра, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва унга алоқадор гуруҳлар томонидан фойдаланилаётган иккита нишонга зарба берди, дея хабар берди Пентагон.
Reuters агентлиги юқори мартабали америкалик мулозимга таяниб хабар беришича, иккита F-16 қирувчи самолёти томонидан қурол ва ўқ-дорилар сақланадиган омборлар нишонга олинган. Бу 27 октябр куни маҳаллий вақт билан 4:30 да Ироқ билан чегарадош Абу Камол шаҳрида содир бўлган.
Ҳарбий департаментнинг таъкидлашича, зарбалар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган ва Сурия ҳамда Ироқдаги Америка қўшинларига берилган қатор ҳужумларга жавоб бўлган. Пентагон вакилиПатрик Райдернинг сўзларига кўра, 17-24 октябр оралиғида Ироқ ва Суриядаги АҚШ ва коалиция кучлари камида 13 марта ракета ва учувчисиз самолётлар ҳужумига учраган. Натижада бир АҚШ фуқароси ҳалок бўлган, яна 21 киши жароҳат олган.
Мудофаа вазирлиги бу ҳужумлар учун Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ташкилотлар жавобгар эканлигига ишонч билдирган.
Қайд этилишича, Байден «фақат Ироқ ва Суриядаги Америка кучларини ҳимоя қилиш учун» зарба беришни буюрган. Бу зарбаларнинг Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашувига алоқаси йўқлиги таъкидланади.
Пентагон раҳбарининг айтишича, АҚШ кейинги жанговар ҳаракатларда иштирок этишни истамайди, «лекин Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган бу ҳужумлар тўхтатилиши керак». Унинг сўзларига кўра, агар ҳужумлар давом этса, Қўшма Штатлар «керакли чораларни кўришдан тортинмайди».
25 октябр куни Байден Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийни Яқин Шарқда Америка қўшинлари ҳужумга учраса, жавоб қайтарилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганини айтганди. Давлат котиби Антони Блинкен ҳам худди шундай огоҳлантириш билан чиққан. Бир кун ўтиб, Пентагон Яқин Шарққа «минтақада АҚШ армиясининг мудофаа қобилиятини янада ошириш учун» 900 га яқин қўшимча аскар юборилишини эълон қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter