Анқара яна бир замонавий иншоот билан дунёни ҳайратга солмоқчи
Туркия пойтахти Анқара шаҳрида қуриб битказилган замонавий концерт мажмуаси қачон фойдаланишга топширилиши маълум бўлди.
Санъат кошонаси Туркия Республикаси миллий байрами шарафига 29, 30 октябр кунлари тантанали гала-тадбир билан очилади. Бу ҳақда Туркиянинг юртимиздаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.
Тантанали бадиий кеча меҳмонлари дунёга машҳур таниқли сопрано хонандаси Анжела Георгиу, фортепианочилар дуэти Гуҳер ва Суҳер Пекинел ҳамда дирижёр Жеми’и Жан Делиорман раҳбарлигидаги Президент симфоник оркестри маҳоратидан баҳра олади.
Пойтахт марказида, Анқара қалъаси ва Аниткабир ўртасида жойлашган мусиқа шаҳарчасида дунёдаги энг қадимги оркестрлардан бири бўлган Президент симфоник оркестри фаолият юритади. Бу ерда, шунингдек, бутун дунёнинг тўрт тарафидан меҳмон бўлиб келган нуфузли оркестр ва солистлар ҳам ўз ижодий чиқишларини намойиш этиши мумкин.
2023 ўринли катта зал, 500 ўринли мовий зал ва 600 ўринли тарихий Президент симфоник оркестри зали, ресторанлар, музейлар ва очиқ ҳаво зоналаридан иборат мусиқа шаҳарчаси яқин муддатда санъат ва маданият муҳибларини ўз бағрига олади.
Симфоник оркестрнинг бадиий раҳбари ва биринчи дирижёри Жеми’и Жан Делиорман муҳташам ва ажойиб акустикага эга санъат масканида фаолият юритувчи ижодий жамоа дунёнинг етакчи оркестрлари билан бемалол рақобатлаша олишини таъкидлайди.
Янги санъат кошонаси ўзининг меъморий ва бадиий ечими билан жаҳон мусиқа оламида мустаҳкам ўринга эга бўлиши кутилмоқда.
Симфоник оркестр тарихи 1826 йили Усмонли султони Маҳмуд II томонидан асос солинган оркестрга (Mızıka-ı Humayun) бориб тақалади. Ижодий жамоага раҳбарлик қилиш учун ўша пайтда таниқли опера композиторининг укаси Жузеппе Доницетти таклиф этилган. Оркестр таркибида Анри Вьётан (1848), Франц Лист (1857) каби европалик ижодкорлар фаолият юритган. Ижодий жамоа томонидан опера асарлари ҳам ижро этилган. Масалан, 1869 йии Франция императрицаси ташрифи шарафига “Фауст” операси намойиш этилган. 1924 йилда оркестр Республика асосчиси Мустафо Камол Отатурк томонидан ислоҳ этилган ва қайта ташкил этилган. Президент симфоник оркестри кейинги йилларда дунёнинг турли йирик шаҳарларида концерт дастурлари намойиш этиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил февраль ойида Анқара шаҳрида яна бир муҳташам илм-фан маскани – Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонаси очилган эди. Улкан китоб фондига маҳобатли кутубхона бетакрор меъморчилик мажмуаси сифатида баҳоланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter