Америка разведкаси Пригожин исёнини олдиндан билган, аммо сукут сақлаган...
21 июндаёқ Америка разведкаси Оқ уйнинг юқори мартабали вакилларига «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин мамлакат ҳарбий раҳбариятига қарши исён уюштиришга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган. Бу ҳақда Америка расмийларига таяниб, The New York Times ёзмоқда.
The Washington Post нашрининг қайд этишича, АҚШ разведкаси Пригожиннинг режалари ҳақида маълумотни июн ойи ўрталарида олган. Аммо Қўшма Штатларда «Вагнер» раҳбари нима қилмоқчилиги ва бу режаларни амалга ошириш муддатлари ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаган. «Раҳбариятга нимадир содир бўлаётганини айтиш учун етарли сигналлар бор эди», деди расмийлардан бири.
The New York Times суҳбатдошларидан бирига таяниб, сўнгги икки ҳафта ичида Россияда нимадир бўлиши мумкинлиги – Владимир Путиннинг ҳокимиятда қолиши-қолмаслиги ва ҳар қандай беқарорлик Россия ядровий назоратига қандай таъсир қилиши ҳақида «юқори ташвиш» пайдо бўлганини таъкидлайди.
Нашрнинг қайд этишича, 2021 йил охиридаги воқеалардан фарқли ўлароқ, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган АҚШ разведкаси бу сафар сукут сақлашга қарор қилган. Америка расмийлари бундай маълумотлар Владимир Путинни Ғарбни давлат тўнтаришини уюштирганликда айблаш учун асос бериши мумкин, деб тахмин қилишган. Бундан ташқари, Америка расмийлари Россия президентининг «жиддий» зарбадан қочишига ёрдам беришдан манфаатдор бўлишмаган.
Эслатиб ўтамиз, 24 июн куни Евгений Пригожин ўз қўшинлари билан Москва томон «юриш» қилди. Ростов-на-Донни эгаллаб, Москвага йўл оларкан, Пригожин мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни ёлланма аскарларга топширишни талаб қилди.
ФСБ Пригожинга қарши ҳарбий қўзғолон учун жиноий иш қўзғатди. Владимир Путин содир бўлаётган воқеаларни хиёнат деб атади.
Бироқ 24 июн куни кечга бориб Путин билан бамаслаҳат иш кўрган Беларус президенти Александр Лукашенко Пригожин билан келишувга эришганини эълон қилди. Шундан сўнг Москвага юриш қилаётган Пригожин ортга қайтишини билдирди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Евгений Пригожинга қарши қуролли исён бўйича жиноий иш тўхтатилишини, «Вагнер» ўз дала лагерларига бориши, Пригожиннинг ўзи эса Беларусга кетиши ҳақида келишувга эришилганини айтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter