Албания Мудофаа вазири зилзила қурбонлари исмини ўқиётганда йиғлаб юборди
Албания Мудофаа вазири Олта Жачка вайронакор зилзила натижасида ҳалок бўлганларнинг исм-шарифини ўқиётганда йиғлади.
«РИА Новости»нинг ёзишича, сешанбага ўтар кечаси Албанияда 6,4 магнитудаси билан кучли зилзила содир бўлган. Энг кучли ер силкинишлари Тирана ва Дуррес шаҳарларида сезилган. У ерда бир қанча бинолар қулаб тушиб, уларнинг остида ҳалигача одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин. Сўнгги маълумотларга кўра, 32 киши ҳалок бўлган, 658 киши жароҳат олган, 47 киши вайроналар остидан чиқариб олинган.
Албания бош вазири Эди Рама Албан байроғи куни шарафига режалаштирилган тантанани қолдириб, миллий мотам кунини эълон қилди ҳамда Тирана ва Дурресда фавқулодда вазиятлар тартибини жорий этди.
— Бу менинг энг оғир нутқим. Биз 26 ноябрда зилзила оқибатида вайрон бўлган биноларни қайтадан қуришимиз мумкин, лекин ҳалок бўлган фуқароларнинг ҳаётини қайтариб беролмаймиз, — дейди мамлакат мудофаа вазири.
Жачка ҳалок бўлганларнинг исм-шарифини ўқий бошлайди, бироқ рўйхатнинг ўртасига келганда ўзини тутиб туролмайди ва йиғлаб юборади, кейин эса кўзларидаги тўла ёш билан ўқишни давом эттиради. Қурбонлар орасида — 4 ва 8 ёшли болалар, 77 ва 79 ёшли кексалар, турли ёшдаги эркак ва аёллар бор.
Яна 25 киши бедарак кетган деб ҳисобланмоқда. Уларни вайроналар остида қидирув ишлари давом этмоқда. Қутқарув операцияларида бир қанча давлатлардан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Июлда Албания президенти Илир Мета расмий мактуб орқали грек сейсмологи Акис Целентиснинг маълумотларига таяниб бош вазир Эди Рама, бош вазир ўринбосари Эрион Брача ва мудофаа вазири Жачкани «Болқонда апокалиптик зилзилага» тайёрланишга чақирганди. Жачка бунга жавобан, албан сейсмологларига кўра, ҳалокатли зилзила эҳтимоли йўқ ва унинг идораси табиий офатларга «30 йил олдингидан кўра» яхшироқ ҳозирлик кўрганини ёзган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter