Афғонистондаги самолёт ҳалокатидан омон қолганлар қайтишди. Учувчи бортдаги миллион доллар ҳақида нима деди?
Афғонистонда ҳалокатга учраган Falcon 10 бизнес самолёти бортида бўлган тўрт нафар Россия фуқароси ватанига қайтди. Омон қолган учувчилар ва икки шифокор бўлган самолёт 26 январь, жума куни эрталаб Дубайдан ҳавога кўтарилиб, Москванинг Внуково аэропортига қўнди.
Аэропорт терминалида учувчи Аркадий Грачев ва фельдшер Игор Сивороткин биринчи интервью беришди. Хусусан, улар ҳалокатдан кейинги дастлабки 24 соат ичида қандай омон қолганлари ҳақида гапиришган.
«Биз бир ярим кунни совуқда ўтказдик, (...) ёқиш мумкин бўлган нарсаларимиз ёқиб, исинишга ҳаракат қилдик. Кейин афғон биродарлар келишди. Бизни тўрт минг метр баландликдан чуқур қор орқали олиб чиқишди (...) Биз қишлоққа беш соатча юрдик», дейди Аркадий Грачев.
Учувчи самолёт бортидаги 1 миллион доллар ҳақидаги хабарларга жавоб берди
Аркадий Грачев самолётда 1,2 миллион доллар (тахминан 106 миллион рубль) борлиги ҳақидаги маълумотни рад этди.
«Йўқ, у ерда бунақа пул йўқ эди, фақат ўзимизнинг шахсий пулларимиз бор эди. Афғонлар ёрдамга келишди, биз уларга қандайдир тарзда миннатдорлик билдиришимиз керак эди. Биз уларга озгина пул бердик», деди учувчи.
Hasht e Subh нашри Falcon 10 бортида катта миқдордаги пул бўлгани ҳақида ёзган. Унга кўра, самолёт ҳалокатга учрагач, ундан миллион доллардан ортиқ пул ўғирланган. Фалокатга учраган самолётга биринчи бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, «Толибон» қуролли кучлари штаби бошлиғи Қори Фасиҳуддин Фитратга алоқадор бир гуруҳ одамлар етиб келган.
«Толибон»нинг Бадахшон губернатори Муҳаммад Аюб Холид воқеадан хабар топгач, талончиликни текшириш учун комиссия тайинлаган. Унга ушбу вилоятдаги Толибон разведкаси раҳбари раҳбарлик қилиши айтилган.
Шифокор маҳаллий қишлоқдан қандай ёрдам сўраганини айтди
Игор Сивороткиннинг сўзларига кўра, Falcon 10 ҳалокатидан сўнг омон қолганлар музлаб қолмаслик учун барча керакли нарсаларни йиғиб, самолётда ўзларига жой ажратишган. Фельдшер биринчи тунни улар билан самолёт ичида ўтказган ва эртаси куни эрталаб у ёрдам чақириш учун кетган.
Унинг сўзларига кўра, яқин атрофдаги қишлоққа етиб боргач, маҳаллий аҳолига ўзи ва ўртоқлари билан содир бўлган воқеани имо-ишоралар билан тушунтира бошлаган. «Кейин бироз инглизча гапирадиган бир киши келди. У билан келишиб олдим ва улар менга сунъий йўлдош телефонини беришди, мен ундан маъмурларимизга қўнғироқ қилиб, вазиятни айтиб бердим», дейди Сивороткин.
Аркадий Грачевнинг қўшимча қилишича, Афғонистон халқи экипаж аъзоларини иззат-ҳурматда қабул қилган. «Қишлоқда бефарқ одамлар йўқ эди», дея қўшимча қилди у.
Учувчилар Falcon 10 ҳалокатининг эҳтимолий сабабларини айтишди
Аркадий Грачевнинг билдиришича, самолёт техник носозликлар туфайли ҳалокатга учраган. Унинг таъкидлашича, борт қуламасидан аввал экипаж уни тоғ чўққисига қўндиришга муваффақ бўлган. Учувчининг қўшимча қилишича, у бошқа тирик қолганлар билан бирга тушунтириш бериш учун прокуратурага чақирилган.
Россия Тергов қўмитаси Афғонистонда Falcon 10 ҳалокатининг устувор версияси сифатида двигателнинг носозлигини кўриб чиқмоқда. Ҳозирда терговчилар ҳолат юзасидан суриштирув ўтказишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса оқибатида россиялик тадбиркор ва унинг турмуш ўртоғи ҳалок бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter