Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

500 йилдан сўнг ҳамманинг фамилияси бир хил бўлиб қолиши мумкин — Япония

500 йилдан сўнг ҳамманинг фамилияси бир хил бўлиб қолиши мумкин — Япония

Фото: Фокус

Япония қонунчилигига кўра, никоҳдан ўтаётган оила ўзига битта фамилияни танлаши керак. Бир тенденция кузатувчиларнинг эътиборини тортди: 96 фоиз ёшлар оила қуришда бир хил фамилияни расмийлаштиришяпти — шу кетишда, 500 йилдан сўнг, бу кўз кўриб қулоқ эшитмаган оқибатларни келтириб чиқариши мумкин, деб ёзмоқда IFLScience.

Агар зудлик билан қонун ўзгартирилмаса, 2531 йилга бориб Япониянинг барча фуқаролари бир хил фамилияли — Сато бўлиб қолади, демоқда Тохоку университети қошидаги Иқтисодиёт ва жамият қаришини тадқиқ қилиш институти профессори Ҳироши Ёшида.

2023 йилги тадқиқотлар Сато — Японияда энг кўп тарқаган фамилия экани ва тобора оммалашиб бораётганини кўрсатди. Профессор Ёшиданинг айтишича, умумий эҳтимоллик нуқта назаридан, одамлар Сато фамилиялилар билан турмуш қураверса, кўплаб ҳолатлар юзга келиши мумкин. Агар бу жараён узоқ вақт давом этса, қайсидир паллага бориб, Сато бошқа фамилияларни ютиб юбориши мумкин.

Ёшиданинг фикрича, ҳолат боши берк кўчага кириб бўлган: агар Япония ҳозироқ керакли қонуни қабул қилиб, алоҳида фамилияларга рухсат этган тақдирда ҳам, вазиятни ўзгартириш амримаҳол. Гап шундаки, 2022 йилги сўровнома мамлакатнинг 39,3 фоиз аҳолиси, янги қонун қабул қилинса ҳам, Сато фамилиясини танлашини кўрсатди. Ҳатто энг оптимал сценарийда ҳам якунда барчанинг фамилияси бир хил (Сато) бўлиб қолади, фақат 3310 йилга бориб.

Айни пайтда Кунчиқар юрт демографик муаммони бошдан ўтказмоқда, шу боис профессор япон халқи ҳамманинг фамилияси бир хиллашадиган ўша давргача етиб борадими-йўқми, деган саволни ҳам ўртага ташламоқда. Тахмин қилинишича, агар туғилиш даражаси ҳозирги тахлитда сақланиб қолса, Япония аҳолиси 2120 йилга бориб 41 229 000 киши, 2531 йилда атиги 281 866 киши, 3310 йилда эса бор-йўғи 22 киши бўлиб қолади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг