20 йилдан бери қочиб юрган қотил ўқитувчи қўлга тушди
Хитойнинг Цзянси провинциясида 20 йилдан бери қочиб юрган ва қонун олдида жавобгарликдан яшириниб келган серияли қотил Лао Жунчжи устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда «AsiaOne» хабар берди.
1993 йили Цзянсида бошланғич мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган 19 ёшли Лао ўғрилик қилгани учун саккиз йил қамалиб чиққан Фа Цзиин билан танишиб қолади. Улар бир-бирига кўнгил қўйишади ва бир неча йиллар давомида босқинчилик, одамларни олиб қочиш ва ўлдириш билан шуғулланишади.
Иккита қотилликдан сўнг 1999 йилда Хитой полицияси уларнинг изига тушади. Эр-хотин ижарада яшаётган Хэфэй шаҳрида Фа қўлга тушади. У суддан сўнг ўлим жазосига ҳукм қилинади ва қатл этилади.
Лао эса таъқибдан қочиб қутулади. У исмини ўзгартиради, Хэфэйдан кетади ва 20 йил давомида яшириниб юради. 2019 йил ноябрда Фуцзянь провинцияси Сяминь шаҳрида уни ҳибсга олишади. Лаони қўлга туширишганда у савдо марказида таниши очган дўконда қўл соатлари билан савдо қилаётганди.
Аёл 1996 йилдан 1999 йилгача қасддан содир этган еттита қотилликда, шунингдек, талончилик ва одам ўғирлашда айбланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter