Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

20 йил давлат тепасида. Эрдўғон эришган энг катта сиёсий ютуқ нима?

20 йил давлат тепасида. Эрдўғон эришган энг катта сиёсий ютуқ нима?

Фото: Xabar.uz

Кеча, 14 май куни Туркияда бўлиб ўтган президент сайловини бутун дунё катта қизиқиш билан кузатди. Негаки, халқаро сиёсатда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётган мамлакатда олий бошқарувнинг ўзгариши нафақат минтақа, балки жаҳон сиёсий низомига сезиларли таъсир кўрсатади.

Сайловда асосий кураш амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда Жумҳурият халқ партияси раиси Камол Қиличдорўғли ўртасида кечди. Бюллетенларнинг 98 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, Эрдўғонга 49,94 фоиз, унинг рақиби эса 44,3 фоиз электорат ишонч билдиргани маълум бўлди. Номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан юқори овоз тўплай олмагани президентлик пойгасининг иккинчи тур ўтказилишидан далолат беради.

Сайловда кўпчилик овозини йиғишга муваффақ бўлган 69 ёшли Ражаб Тоййиб Эрдўғон 20 йилдан буён давлат тепасида. У 2003-2014 йилларда бош вазир бўлиб ишлаган. 2014 йил 28 августдан президент лавозимига киришган. 2018 йилда ўтказилган муддатдан олдин сайловда давлат раҳбарлигига қайта сайланган.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон раҳбарлиги даврида Туркия ташқи сиёсатда ўз сўзи ва позициясига эга давлат сифатида намоён бўлди. Йигирма йил аввал Туркия, таъбир жоиз бўлса, Ғарбнинг сокин-осойишта бандаргоҳи эди, минтақадаги муҳим масалалар уммон орти ёки қадим дунё пойтахтларида ҳал этиларди. Ўтган салкам чорак аср ичида эса Анқара минтақавий куч марказларидан бирига, ислом дунёсининг халқаро майдондаги ўктам овозига айланди. 

Таҳлилчиларга кўра, Туркия – жумҳурият асосчиси Мустафо Камол Отатурк давридан буён бу қадар жиддий ўзгаришга юз тутмаган эди.

Сайлов кунларида ўзбекзабон ижтимоий тармоқларда ҳам Эрдўғон шахсияти кенг муҳокама қилинди, унинг ютуқлари, камчиликларига эътибор қаратилди.

Таҳлилчи Маҳмуд Усмоннинг фикрича, Эрдўғоннинг энг катта ютуғи Туркия сиёсатини собиқ мустамлакачилар ёки Ғарбга хизмат қилувчи ҳарбийлардан тозалагани бўлди. Шунингдек, у ташқи босимларга қарши тура оладиган, қадриятларга асосланган давлат қуришга ҳаракат қилди.

«Ҳар сафар бирор мусулмон диёрида эркин ва Ғарбга тобе бўлмаган давлат қуриш чақириғи пайдо бўлса, Ғарб ҳарбийларга у чақириқ эгаларини йўқ қилишни буюрди. Оқибатда, 1960 йилда (Туркия бош вазири) Аднан Мендерес ўлдирилди. Ҳар сафар Туркияда бирор раҳбар қадриятларга асосланган ва Ғарбдан мустақил давлатчиликка асос солмоқчи бўлса, ҳарбийлар тўнтариш қилаверди. Бу тўнтаришларнинг охирги қурбони Эрбакан бўлди... Эрдўғоннинг энг катта ютуғи – у ўз юрти сиёсатини собиқ мустамлакачиларга ёки Ғарбга хизмат қилувчи ҳарбийлардан тозалай олди», – деб ёзди М.Усмон.

Адолат ва тараққиёт партияси (Adalet ve Kalkınma Partisi) асосчиси Эрдўғон ўзини муҳофазакор демократ деб атайди. Мухолифлари эса уни авторитаризмда айблайди.

Эксперт Отабек Бакиров ҳам Туркиядаги сайловда амалдаги раҳбарнинг ғалабаси «авторитар лидерлар оммабоплиги ва тобора кенгайиб бораётган яккаҳокимчилик модели трендини янада кучайтиради» деб ҳисоблайди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича эса, бугунги кунда Туркиядаги сиёсий тизимни авторитар дейиш учун ҳам, демократик дейиш учун ҳам асослар бор.

«Ҳар бир демократик тизимнинг шундай палласи бўладики, унда ҳали ҳокимиятни ёки авторитети катта бўлган сиёсий шахсларни «тийиб туриш» механизмлари заиф бўлади. Мисол учун, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Франциядаги Шарль де Голлни, Англиядаги (Уинстон) Черчилни, АҚШдаги (Франклин Делано) Рузвельтни, бугунги сиёсатшунослар «нисбатан авторитар бўлган» деб айтишади. Эрдўғон ҳам Туркияда жуда катта авторитетга эга. Мана шу авторитет орқали ўз оппонентларини «сиёсий янчиб ташлаш» имконияти Эрдўғонда бор ва бу имкониятни у ишлатган ҳам», – дейди К.Раббимов.

Сиёсатшуносга кўра, Эрдўғон Туркиядаги сиёсий плюрализмни, кўппартиявийликни, ватандошлик жамиятини демонтаж қилмади ва қилишга интилмади ҳам.

Аксар таҳлилчилар хулосасига кўра, Туркияда демократия шу жуда чуқур илдизга эгаки, бирор сиёсатчи истаса ҳам уни йўқ қила олмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг