Қозоғистон: сирли ғор ва қадамжоларга зиёрат (фото)
Қозоғистоннинг Буюк ипак йўлида жойлашган Туркистон шаҳри узоқ асрлар давомида Қозоқ хонлиги ва турк дунёси сиёсий-маънавий ҳаётининг юраги бўлган.
Яқинда ҳамкасбларимиз билан ушбу шаҳарга маданий-маърифий пресс-турда иштирок этиш асносида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Туркистон шаҳри марказидан ўрин олган «Учар театр» шарқ бозори ва халқаро стандартларга жавоб бера оладиган меҳмонхоналар майдони жами 188 гектарни ташкил қиладиган «Карвонсарой» сайёҳлик мажмуаси ҳудудида жойлашган объектларнинг кичик бир қисми.
Олтин тухум шаклидаги «учувчи» театрда дастлаб ўтимишга кирасиз, кейин эса қозоқ халқи ҳақидаги 8D форматдаги фильмни кўрасиз. «Карвонсарой» мажмуаси ҳар бир меҳмоннинг узоқ вақтлар давомида яхши хотиралар билан эсланадиган энг ажойиб тарихий маскан бўлиб қолади. Чунки бу ерда маданият маркази бизни узоқ вақтлар ўзининг такрорланмас таассуротлари билан хотирамиздан жой олади.
Қолаверса, бу мажмуада тасаввуфчи олим, шоир ва воиз Хўжа Аҳмад Яссавий, соҳибқирон Амир Темурнинг невараси Робия Султонбегим мавзолейлари қад кўтариб турибди. Ушбу мавзолейларни, мақбараларни зиёрат қилишдан олдин яна бир зиёратни амалга ошириш мақсадида шаҳарнинг Ўтрар туманига йўл олдик.
«Аристон боб» мавзолейи
Туркистон шаҳрининг Ўтрар тумани Шаулдер қишлоғидан унчалик узоқ бўлмаган Аристон боб, яъни Аристон бобо мақбарасининг ўз тарихи ва афсоналари мавжуд. Бизга ҳамроҳ бўлган гид Дилноз бу мақбара ҳақида қизиқарли маълумотларни улашди.
Афсонага кўра, соҳибқирон Амир Темурнинг буйруғи билан Хўжа Аҳмад Яссавий қабри устида масжид қурилиши бошланган. Аммо деворларни ўрнатишга бўлган барча уринишлар зое кетган. Амир Темурнинг кўрган тушини башорат қилган авлиё, аввало Аристон бобо қабри устига, кейин Хўжа Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара қуриш лозимлигини айтади. Чунки Аристон бобо Хўжа Аҳмад Яссавийнинг маънавий устози ҳисобланган. Ахир устозни унутган ҳолда шогирдни эслаш мумкинми? Айнан Аристон бобга мақбара қурилгандан кейингина Хўжа Аҳмад Яссавийнинг мақбараси қурилиши тезлашади.
Шу боис зиёратга келувчилар дастлаб Хўжа Аҳмад Яссавийнинг маънавий устози Аристон бобо мақбарасини зиёрат қилишади. Аристон бобони зиёрат қилмасдан Аҳмад Яссавийни зиёрат қилиш устозга ҳурматсизлик ҳисобланаркан.
Афсоналар ва ёзма манбаларга кўра, Аристон бобо 400 йил яшаган ва хурмо данагини шогирди Хўжа Аҳмад Яссавийга топшириб унинг устозига айланган. Яъни ўзининг илмини давом эттирадиган шогирди дунёга келгунича яшаган. Манбаларга кўра, Аристонбобо XII асрда яшаб ўтган ва вафотидан кейин Ўтрор яқинига дафн этилган.
Аристон боб мавзолейида ажойиб китобларни, ёдгорликларни кўз қорачиғидек асрашга бош-қош бўлаётган, зиёратчиларни тарих билан янада чуқур таништираётган Нурлибек отанинг айтишича бу ерга жуда кўплаб зиёратчилар қадам ранжида қилишаркан.
«Афсусланарлиси, — дейди отахон кўпчилик тузукроқ фотиҳа ўқишни ҳам билмайди, ҳатто бу ерга қадам ранжида қилаётганда улуғ авлиёларимизга «ассалому алайкум», деб салом бериб кирмайди. Аристон бобнинг тарихи, ўтмиши у билан боғлиқ ривоятларни ҳам эшитмаган ҳатто кўпчилик. Бизнинг вазифамиз эса аждодларимиз ҳақида янада кўпроқ маълумотлар бериш. Бу ерга зиёратга келиш дегани ўзининг мушкулини осон қилишларини сўраш эмас, балки ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг руҳи покларига дуо ўқиб қўйишдир. Кўпчилик ҳатто Аристонбобдаги шўр сувни ичиб кўриб аччиқ шўракан деб туфлаб ташлашади».
Мавзолей ходимаси Салима Раҳимбекова: «Бу қудуқдаги сув қандай пайдо бўлган деган саволга биргина қўшимча қилишим мумкин, бу қудуқнинг номи «кўз жоши», дейилади. Қудуқнинг суви кўз ёшидек тахир ва шўр». Бу ерда қудуқ атрофида зиёратга келганларнинг сувдан татиб кўришаётганини ёки қўлларидан, бошларидан сув қуйишаётганининг гувоҳи бўлиш мумкин.
Аристон бободан жуда катта таассуротлар билан қайтдик. Кейинги зиёратимиз эса бутун дунёга машҳур тассаввуф олими Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасига бўлди.
Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси
Мусулмонлар орасида катта обрўга эга бўлган ва Марказий Осиёда ислом динига катта таъсир кўрсатган сўфий шоир Хўжа Аҳмад Яссавий 1166 йил вафот этгандан кейин соҳибқирон Амир Темур ташаббуси билан вафотидан 233 йил ўтгач эски мақбараси ўрнига янги ва улуғвор мақбара қурилди.
Бу бинони қуришда форс меъморлари Самарқандни қуришга қўлланилган бир қанча инновацион меъморий ва қурилиш ечимлардан фойдаланишган. Бугунги кунда мақбара ўша даврнинг энг муҳим ва яхши сақланиб қолган иншоотларидан биридир. Мақбаранинг нақшлари шу қадар мукаммалки орадан неча асрлар ўтса-да девордаги баъзи нақшлар ҳали ҳам ўзлигини сақлаб қолган, кўчиб тушганлари эса реставрация қилинган.
Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасига кирган сари кўз олдингизда тарих жонланади. Ҳар хил турдаги саккиз хона — мақбара, масжид, катта ва кичик сарой заллари, кутубхона ва хўжалик мажмуаси. Қудуқ, ошхона ва бошқа бинолар шу қадар тартиб билан қурилганки, бу ўша давр одамларининг турмуш маданияти ибратли бўлганидан дарак бериб турибди. Мақбарада жойлашган тай қозони ҳар бир зиёратчини албатта ўзига ром қилади. Манбаларга кўра, у Туркистон шаҳридан 25 километр узоқликда Қарноқ қишлоғидаги етти металли қоришмадан қуйилган. Бу ердаги сув қозонлар ҳам Амир Темурнинг Яссавий хотирасига қурилган иншоотга совғаси экан. Қозоннинг ўрта қисмига устанинг номи ёзилган — табризлик Абдулазиз Ибн Шарафуддин. 1399 йил. Пастқи қисмига эса «Шоҳлик Аллоҳгагина тегишли» деган битик ёзилган.
«Казандик» хонасидаги лампалар ҳам ўша даврни эслатади. Уларнинг иккитаси эса Луврда ва Эрмитажда сақланади. Катта гулли ўйилган нақшлар, кумуш ва олтин билан безатилган, 1397 йилда ишлаб чиқарилган энг катта бронза чироқ ҳам Амир Темурдан қолган эсдалик экан.
Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси кенглиги бир деворнинг ярми узунликдаги, гумбаз токчали хона. Хонанинг марказида эса қабр тоши бор. Зиёратчиларга қоида тариқасида бу ерга киришга рухсат йўқ, улар худди биздагидек қабрга кираверишдаги қўшни хонада ибодат қилишади.
Номоз ўқиладиган кичик масжид қурилиши ва безак жиҳатидан мажмуанинг энг қизиқарли биноларидан бири. Катта ва кичик саройлар XVI- XVIII асрларда қозоқ хонлари, катта ва ўрта жузларнинг қароргоҳи ҳисобланган.
Катта сарой дарвешлар, диний жамоалар йиғилишлари учун мўлжалланган, ўзига хос сарой биноси. Залда дипломатик қабуллар, ҳарбий музокаралар, ўтказилган. Бу ерда хоннинг курсиси ва таёғи жойлашган. Катта сарой биносига кираверишда қозоқ ҳумдори Абилайхон қабр тошини кўришингиз мумкин.
— Кичик саройда ҳурматли одамлар олти юз йил давомида дафн этилган. Ҳаммаси бўлиб 43 та қабр тоши бор. Энг қадимги дафн маросими 1431 йил, энг сўнггиси 1917 йил, — дейди гид Гавҳар Жузбаева.
Бу иншоотда жойлашган яна бир ўзига хос ноёб хона кутубхонада қадимий қўлёзма китоблар ва босма нашрлар жой олган.
Оқмачит ғори
Қозоғистоннинг яна бир сирли жойларидан бири бу Оқмачит ғоридир. Оқмачит ғори Қозоғистоннинг 10 мўъжизасидан бири ҳисобланади. Унга бутун дунёдан ташриф буюришади. Бу ерда қанчадан-қанча олимлар, сайёҳлар бўлмаган дейсиз. У Чимкентдан 80 километр узоқликда жойлашган бўлишига қарамай ҳар доим сайёҳлар билан гавжум.
Бу ғор қачон пайдо бўлганини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Чунки у миллионлаб йиллар ёпиқ, яъни ташқи дунёдан бутунлай узилган бўлган. Йигирманчи асрда ғорнинг бир қисми қулаб тушгачгина унга кириш имконияти пайдо бўлган. Унинг яна бир номи Байдибек чуқурлиги.
Афсоналарга кўра, бу ерда катта ва ёвуз аждарҳо яшаган. У маҳаллий аҳолига кўп қийинчиликлар келтирган. Чорва молларига қирон келтирган. Аждарҳо учиб кетганида қаноти ўша ерда ўсаётган арчанинг бир қисмига тегади ва у қулаб тушади.
Бизни бу ерга бошлаб келган гид бизга аждар ухлаган жойни кўрсатади. У ғорнинг марказида жойлашган бўлиб, қуёш нурлари тушиб туради. Ва энг қизиғи айнан ўша ерда ҳатто дарахтлар ҳам ўсган, тасаввур қилинга узунлиги 200 метр, баландлиги 25 метр, кенглиги 65 метрни ташкил қиладиган чуқурликда дарахт ўсишини.
Аждарҳо билан боғлиқ афсона боис бу ерга хитойликлар жуда кўплаб ташриф буюришади. Чунки аждарҳо хитойликларнинг миллий рамзи ҳисобланади.
Яна бир афсоналарда айтилишича, ботир Эсиргеп Қўйкелди жунгарларга қарши юриш бошлаганида тўсатдан кучли ёмғир ёғди. Жангчилар номаълум ғорда ёмғир тинишини кутишга қарор қилишди. Улар нафақат ёмғирдан қутулиб қолди, балки бомдод номозини ҳам шу ерда ўқишга муваффақ бўлишди. 10 мингдан ошган аскарни бағрига сингдирган бу ғорда отлар ҳам паноҳ топишган. Бу ғорни Эсиргеп Қўйкелди деб номлашни сўрашганида ботир буни рад этган. У: «Бу ерда биз номоз ўқидик, бу ер муқаддас жой, номозимизни ғорнинг тошлари ёритди, келинглар бу ерни «Оқмачит», деб номлаймиз», деди. Ва ғорнинг номи «Оқмачит» бўлиб қолди.
Бу ғор ўша жангларда болалар ва аёлларнинг ҳам жонини сақлаб қолган дейишади. Айни пайтда ғорга кириш замонавий услубда жиҳозланган зинапоялар орқали амалга оширилади. Ғорнинг таркибини ўрганган олимлар инсон танасига зарар етказадиган бирорта кимёвий унсурни топа олмадилар. Ғорнинг ташқарисида 35-40 даража иссиқ, ичкариси эса 18-20 даражани ташкил қилади.
Ташқари чўлу биёбон, бирорта ҳам дарахт йўқ, аммо ичкарида дарахт бор. Бу ерга ҳатто қушлар ҳам ин қурган. Ғорнинг тепасидан сув томчилаб тушади, айтишларича бу «Оқмоланинг кўз ёшлари» эмиш.
Ғорнинг ичида ўзининг айтишича бўйича минг йиллардан бери яшаётган 80 ёшли Асқар бобо, бу ерга келганлар билан биргаликда дуо ўқийди. Асқар бобони болалиги шу ерларда ўтган. Кекса бўлишига қарамай тетик бобо, дарахтларни суғоради, неча метр баландликдан сув олиб тушишига неваралари ёрдам бераркан.
Аристон бобо, Хўжа Аҳмад Яссавий мавзолейларига ва Оқмачит ғорига қилган саёҳатимиз, зиёратларимиз бизда жуда катта таассурот қолдирди. Руҳимизда енгиллик ҳис қилдик. У ёқлардан олган завқу шавқимизни, билимларимизни, ўрганганларимизни хотирамиздла узоқ вақт сақлаш ва бошқаларга улашмоқ учун суратларни тарихга муҳрладик.
Барно Султонова, журналист,
Марат Наджибаев фотолари.
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter