Она тили ҳақида мулоҳазалар: соҳада қандай ўзгариш ва ислоҳотлар бўлмоқда?
1989 йил 21 октябрда ўзбек миллати учун тарихий воқеа содир бўлди, яъни ўзбек миллатининг узоқ йиллар давомида ушалмаган армони ушалди десак муболаға бўлмайди, албатта. Бу кунда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди ва мустақилликка эришганимиздан то шу кунгача бўлган даврда мамлакатимизда кенг миқиёсда умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинмоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди.
Хусусан, ўзбек тилини ривожлантириш учун мана шу 31 йил давомида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва унинг ҳуқуқий мақоми ҳам қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилди.
1995 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Дарҳақиқат, бундай кенг кўламдаги ислоҳотларни амалга ошириш бутун халқ учун бирламчи аҳамият касб этиши айни ҳақиқатдир. Мазкур Қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.
Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, саноат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.
Тил – миллатнинг қиёфаси, унинг ғурури ва ифтихори ҳисобланади. Бутун дунёда қанчадан-қанча миллатлар ва элатлар яшаса-да, уларнинг ҳаммаси ҳам ўзининг она тилида гаплаша олмайди. Чунки уларнинг она тили мавжуд эмас. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади.
“ЮНЕСКО” ташкилоти вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир.
Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади.
Бугунги кунда ўзбек тилини нуфузини янада ошириш учун ва мамлакатимизда тил сиёсатини такомиллаштириш учун юртбошимиз бошчиликларида улкан ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–6084-сон Фармони қабул қилинди ва ушбу Фармонда ўзбек тилини нуфузини оширишга қаратилган дастурлар белгиланган бўлиб, унда 2020 — 2030 йилларда Ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланишини ва шу концепцияни амалга ошириш учун 2020-2022 йилларга мўлжалланган давлат Дастури қабул қилинишини белгилаб берган.
Ўзбек тилининг нуфузини янада оширишда ушбу Фармон ва унинг асосида қабул қилинган дастурлар бирламчи аҳамият касб этади, албатта. Ушбу Фармонда асосий йўналишлар белгиланган бўлиб, улардан бири2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида амалдаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудларини кенгайтириш ёки янги қуриладиган муассасалар ҳисобига ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш, 2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида ўзбек тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш ҳисобланади.
Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги аксарият ота-оналар ўз фарзандларини мактабгача таълим муассаларига ва мактабларга таълим олиши учун бераётганларида ушбу муассалар рус тили ёки инглиз тилига ихтисослаштирилганлигига эътибор қаратишмоқда ва бунга талаб кун сайин ошиб бормоқда. Бу ачинарли ҳол эканлиги ҳеч кимга сир эмас, албатта.
Чунки рус ва инглиз тилига ихтисослашган муассаларда таҳсил олаётган ёшлар эртага дунёни Алишер Навоий ёки Абдулла Қодирий кўзи билан эмас, балки Пушкин ва Шекспир кўзи билан кўра бошлайди. Шунинг учун биз, энг аввало ўзимиз ва миллатимиз учун ўз тилимизга юксак ҳурмат ва эътиборда бўлишимиз, унинг мавқеини ўрнига қўйишимиз лозим. Ўзбек миллатини, ўзбек халқини мавжуд эканлиги унинг ўз тили борлигидадир ва мана шу халқнинг эртанги куни ва итиқболи учун ўз она тилига бўлган хурмат ва ифтихор туйғуларини “Мен ўзбек фарзандиман” деган ёш-у қари бирдек қалбига жо этиши зарур. Биз ўзбек тилини нафақат юртимизда, балки уни халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга урғу беришимиз устувор вазифа ҳисобланади.
Камолжон Холиқов,
Давлат хизматлари агентлиги
бош юристконсултанти
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter