Япониялик мутахассислар Оролбўйида шўр тупроқда ўсувчи саксовул уруғларини намойиш этдилар
27-28 июль кунлари Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлди ва қатор учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Вазир Нукус шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқаро Оролбўйи инновация марказига бориб, марказ биносининг қурилиш ишлари билан танишди. Марказ ходимлари билан учрашув давомида марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Учрашувда, шунингдек, марказда фаолият юритаётган Япониянинг OYO корпорацияси вакиллари Казухиро Азами ва Сунао Обояши ҳам иштирок этдилар.
Халқаро Оролбўйи инновация маркази қошидаги «Мўйноқ» илмий-ишлаб чиқариш участкасининг фаолияти билан танишиш чоғида япониялик мутахассислар ёпиқ илдизли тизимда қурғоқчиликка ва шўрланган тупроқда ўсимликларни етиштириш технологияси бўйича блок-инкубаторларга экилган саксовул уруғларини намойиш этдилар. Марказнинг «Саманбай» илмий-ишлаб чиқариш участкасидаги ёмғир чувалчанги кўпайтирилиши ва маҳаллий шароитга мослаштирилиши учун ажратилган тажриба майдони ҳам кўздан кечирилди. Иккала участкаларда ҳам инновацион технологияларни янада кенгроқ жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
И. Абдураҳмонов Қорақалпоқ давлат университетида олимлар ва докторантлар билан учрашув ўтказиб, уларнинг илм-фан соҳасидаги таклифларини тинглаб, ўз фикрларини билдирди. Вазир, шунингдек, қорақалпоғистонлик олимлар ва тадқиқотчиларга вазирлик томонидан жорий этилган янгиланган грант тизими ҳақида маълумотлар берди, тизим бўйича олимларни қизиқтирган саволларга жавоблар берди. Ёш тадқиқотчилар ва уларнинг устозларига докторантурага қабул квоталарини шакллантириш механизми тушунтириб берилди.
Вазир Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида ишга туширилиши режалаштирилган дистанцион инновацион клиника биносининг қурилиш жараёни билан танишиб, қурилиш ишларини тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Бундан ташқари, Мўйноқда қад ростлаётган телемедицинага асосланган инновацион клиника биноси қурилиши жараёни билан танишди. Телемедицина соғлиқни сақлаш соҳасида бугунги кунда энг тез суратлар билан ўсиб бораётган сегмент бўлиб, компьютер ва телекоммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда тиббий маълумотлар алмашинуви имкониятини яратади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter