Ядро технологиялари қай тарзда инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бераяпти?
Электр қуввати, иссиқлик ишлаб чиқариш, тиббий буюмларни стерилизация қилиш, озиқ-овқатга ишлов бериш билан саратон касаллигига ташхис қўйиш ва даволаш ўртасида қандай ўхшашлик бор? Бир қараганда бир-бирига умуман ўхшамайдиган бу соҳаларни битта нарса – ядро технологиялари бирлаштириб туради. Ҳозир уларнинг ёрдами билан модда ва материалларнинг хусусиятини ўзгартиришдан ташқари инсоният олдида турган долзарб масалаларни ҳал қиладиган инновациявий технологияларни ҳам яратиш мумкин.
Саратон ҳужайраларига зарба берадиган технология
Ядро реакторлари нафақат иссиқлик ва электр қуввати беради, балки кўпдан-кўп касаллик, шу жумладан, саратон касаллигини ҳам ўз вақтида диагностика қила оладиган ва даволайдиган тиббий радиоизотоплар чиқариши мумкинлигини кўпчилик билмайди. Ўзбекистонда онкология касаллиги билан оғриётганларни даволаш анчагина муҳим масала бўлиб турибди. Ezgu Amal жамғармасининг маълумотига кўра, Ўзбекистонда онкологик касалликларнинг тузалиш кўрсаткичи ривожланган давлатларга нисбатан анча орқада қолган.
Хорижий амалиётда онкологияга қарши курашда бир қанча замонавий усулларни қўллашади, бу борада, хусусан, ядро тиббиёти бир неча ўн йиллардан буён алоҳида ўрин эгаллаб келмоқда. Ҳозирги кунда жуда тез ривожланаётган йўналишлардан бири — радионуклидли диагностика ва терапия бўлиб турибди. Радионуклидли терапияда радионуклидлар айнан шиш бор жойга юборилади ва ўша жойнинг ўзига таъсир қилади. Даволашнинг бу усулида шиш ёнидаги аъзоларга зарар етмайди ва улар шикастланмайди. Шунинг учун ҳам бундай даволаш кўпинча «танлаб даволаш» усули дейилади. Шу соҳа экспертларининг маълумотига кўра, агар касаллик вақтида аниқланган бўлса, бу усул билан даволашнинг самараси 95 фоизгача етади.
Изотоп усулида беморларни даволашнинг ижобий таъсирига қарамасдан бу усул ёрдамида касалларни кенг даволашга имконият ҳалигача чегараланганлигича қолмоқда. Биринчи навбатда, бу инфратузилма яхши ривожланмагани, радиоизотоп олиш технологияси мураккаблиги ва унинг нархи баланд экани билан боғлиқ.
Маҳаллий саноатда олинадиган изотоп
Ҳозир Ўзбекистон тиббий изотоп ишлаб чиқарадиган давлатлар сирасига киради. Мисол учун, турли касалликларга ташхис қўйиш учун технеций-99m кўп қўлланади. Нурланиши енгил бўлгани учун бу изотоп инсон организмига зарар қилмайди, ярим парчаланиш даври жуда кам ва бир неча соатда организмдан чиқиб кетади. Ҳозир дунёда бир фотонли эмиссияли компьютер томографияси (БФЭКТ) билан ўтказиладиган диагностиканинг 80 фоизида технеция-99m қўлланади. Яъни йилига 30 миллиондан кўп бемор шу усул билан кўрикдан ўтади. Терапияда, шунингдек, йод 125 ли буюмлар кўп қўлланади ва бу изотоп ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киради. Технеций-99m эса Ўзбекистонда ўтган аср 70-йилларнинг охиридан ҳозирги давргача ишлаб чиқарилади. Бу изотоп Ядро физикаси институтида (ЯФИ), ВВР-СМ тадқиқот реактори базасида олинади.
Ўзбекистон ядро тиббиётидаги биринчи йўналиш — нур билан даволаш бўлди. Кейинги йўналишга эса радионуклид диагностикаси ва шу усул билан даволаш киради. Охирги 8-10 йил шифокорлар суяк касалликларини даволайдиган ва оғриқ қолдирадиган самарий-153 оксабифор препаратини кўп қўллашаяпти. Самария-153 препарати ҳам ЯФИ (мамлакатимиздаги Ядро физикаси институти)да ишлаб чиқарилади, хусусан, Ўзбекистон шифохоналарига чет элнинг шунга ўхшаш препаратларидан 40 марта арзон етказиб берилади.
ЯФИ бу борадаги мамлакатимиз эҳтиёжини қаноатлантиришдан ташқари дунёнинг 12 та давлатига, хусусан, АҚШ, Россия, Ғарбий Европа ва Жанубий Шарқий Осиё давлатларига ҳам ўз маҳсулотини экспорт қилади. Тиббий мақсадда ишлатиладиган изотоплар экспортининг ҳажми йилига тахминан 3 млн АҚШ долларини ташкил этади.
Истиқболда изотоплар экспортини кўпайтириш режа қилинган
Тиббий изотоп маҳсулоти ишлаб чиқаришни кўпайтириш, таннархини камайтириш ва шунинг натижасида унинг беморларга арзонроқ баҳода етказиб бериш — институт келажакда ҳал қилиши лозим бўлган алоҳида вазифа ҳисобланади.
Институт янги радионуклидлар ишлаб чиқариш технологияларини яратиш ва улар асосида тайёр радиофармацевтик препаратлар олиш борасида доимий тадқиқотлар ўтказади. Мисол учун, 2019 йил онкологик касалликларни даволашда қўлланадиган лютеция-177ни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва бу маҳсулот турини чиқариш йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Бундан ташқари, институт юқори қувват билан ишлайдиган янги циклотрон қуришни режа қилаяпти. Янги циклотрон илмий тадқиқотлар ўтказишдан ташқари саноат ва тиббиёт учун радиоизотоп маҳсулотини чиқариш имкониятини ҳам беради.
Агар шу ўйланган режалар амалга ошса, Ўзбекистондаги ядро тиббиёти ривожланишининг янги босқичига ўтди, дейишимиз мумкин бўлади. Шунда республикамиз ядро технологиялари ҳозиргидан ҳам кўпроқ инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter