Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоразмдан яна Хоразмийлар чиқиши керак (видео)

Хоразмдан яна Хоразмийлар чиқиши керак (видео)

Фото: Xabar.uz

Таълим тизимидаги бугунги ўзгаришларни эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Халқ таълим вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мураккаб дастурлаш тилларидан бўлган «C++» ўқув семинарлари ҳам шулар жумласидандир. «Xabar.uz» Хоразмда бўлди ва вазиятни яқиндан ўрганди.

Хоразм вилоятининг барча туманларида жами 195 нафар информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларини «C++» дастурлаш тили бўйича малака ва кўникмаларини ошириш мақсадида 144 соатлик ўқув курслари ташкил қилинган. «SmartGov» семенарларнинг ташкил этилишида ўз кўмагини аямаяпти.

Урганч шаҳрида 15 нафар фан ўқитувчисига дарс бераётган Фароғат Юсупова ТАТУ Урганч филиали ўқитувчиси. У Халқ таълим вазирлиги ва «SmartGov» лойиҳасида иштирок этаётганидан хурсандлигини билдирар экан, ўз навбатида бугун соҳада талаб ошаётганини эътироф этди.

«Мен 20 йилдан бери шу соҳада дарс бериб келаман. 20 йил аввалги информатикага талаб билан, бугунги талаб ўртасида фарқ анча катта. Биз дастурлаш тилларини яхши ўрганиб, ёш авлодни ҳам шу соҳада ўз ўрнини топишига ёрдам бермоқчимиз», – дейди Хонқа тумани ўқитувчиси Дилбар Юсупова.

Хоразм вилояти халқ таълими бўлими АКТ бўлим бошлиғи Одамбой Машарипов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди: «Вилоятимизда 549 та мактаб бўлиб, барчаси оптик толали интернет билан таъминланган. Бу семинар курсларимиз ўз самарасини бериб, жаҳон бозорига «айти» мутахассислари чиқарамиз, деб ўйлайман. Хоразмда азалдан аниқ фанлар ривожланиб келган. Хоразмдан яна Хоразмийлар чиқиши керак».

Эслатиб ўтамиз, «Xabar.uz» Қорақалпоғистонда «C++» ўқув курсларидаги ишларни ҳам кузатган эди.

Маълумот ўрнида, «C++» юқори даражадаги дастурлаш тили бўлиб, Бёрн Страуструп томонидан «C» тилининг кенгайтирилган варианти сифатида яратилган. «C++» тили турли йўналишдаги маҳсулотлар яралишида аҳамиятли ва машҳур бўлган, жумладан видео ўйинлар, десктоп дастурлари, серверлар, турли алоқа воситаларини мисол сифатида кўриш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг