Хонадонингизга интернет керакми?
Япониянинг интернет провайдерлари «Интернет худди ҳаводек бўлиши лозим» шиори бўйича хизмат кўрсатишар экан. Дунёда энг тезкор ва кенг қамровли интернет тизимларидан бирига эга бу мамлакатда 2000-йилларнинг бошларида глобал тармоққа уланиш аҳволи у қадар яхши бўлмаган. Бошқа ривожланган мамлакатлар қатори японлар ҳам тезкор, ҳамёнбоп ва ҳаммабоп интернетсиз мамлакат тараққиётини янада юқори чўққиларга кўтариш мумкин эмаслигини тезда тушуниб етишади ва қисқа вақт ичида деярли ҳар бир хонадон симли интернетга уланади. Провайдер ва операторлар орасида рақобат шунчалик кучаядики, уларнинг айримлари аҳолининг интернетга уланиш харажатларини тўлиқ ўз зиммаларига ола бошлайдилар. Тарифлар арзонлашади, тезлик ошади. 2003 йилга келиб мамлакатда тезлиги 24 Мбит/сонияли интернетдан фойдаланувчилар сони 10 миллион кишига етади. Бир оз вақт ўтиб, 1 Гбит/сония тезлигидаги лимитсиз интернет ойига 80 доллардан таклиф этила бошланади. 2004 йилда эса Японияда уй хўжаликларининг 52,1 фоизи интернетга уланди.
Янги технологияларнинг жорий этилиши натижасида тезлик ошиб, нархлар пасайиши давом этади. Компаниялар интернетдан ярим йилгача бепул фойдаланишни таклиф қилишади ҳатто. Бунинг учун мижоз ўз манзилини ёзиб қолдирса ва шартнома имзоласа кифоя...
Нима сабабдан Япония тажрибасига тўхталиб ўтдик?
Нафақат Японияда, балки бутун дунё телекоммуникациялар бозорида кескин рақобат вужудга келмоқда. Кимдадир бу жараён аллақачон бошланган, бошқалар энди-энди бошидан ўтказа бошлади. Юртимиздаги оператор ва провайдерлар ҳам яхши маънода мижозлар учун курашни бошлаб юборишган. Бунинг натижасида тарифлар нархи пасайиб боряпти, сифат ва тезлик эса ошяпти.
Рақобат муҳитида мижознинг эшик тақиллатиб кириб келишини кутиб ўтириш ярамайди. Аксинча, абонентларни қидириб, уларнинг эшигини қоқиб бориш лозим.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ҳаракатлар стратегиясида «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айлангани албатта бежизга эмас. Давлат органлари масъуллари маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганмоқда, уларни қонуний асосда ҳал қилиш учун амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Худди шундай хизматлар кўрсатиш сектори вакиллари ҳам ўз мижозлари доираси ва қамровини кенгайтиришлари учун халқ ичига кириб боришлари зарур бўлади. Чунки жорий қилинаётган технологиялар ва янги хизматлардан барча ҳам хабардор бўлмаслиги мумкин.
Ҳозирги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида аҳолининг ахборотга талаб ва эҳтиёжлари ортиб боряпти. Бу эҳтиёжни тўлароқ қондириш, жаҳон ахборот ресурсларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Ўзбектелеком» АК «Тошкент шаҳар телефон тармоғи» филиали томонидан фуқаролар учун кенг полосали, яъни FTTb, FTTh, GPON технологиялари асосида телефон, видеотелефон, юқори тезликдаги интернет, IPTV хизматлари татбиқ этилмоқда.
Ҳозирги кунда катта эҳтиёжга эга янги технологиялардан бири GPON технологиясидир. Ушбу технология асосида ўрнатиладиган модем ускунаси орқали иккита телефон линияси, видеотелефон, IPTV ва юқори тезликдаги интернет хизматидан фойдаланиш мумкин. Яқинда «Ўзбектелеком» АК «ТШТТ» филиали бир ташаббусга қўл урди. Филиал томонидан сайёр гуруҳ тузилиб, янги технологияларни татбиқ этиш ишларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Исломобод маҳалласига борилди. Тадбирга «Алоқабанк»нинг «сайёр кассаси», «UzOnline» сотув офиси ва тарғибот олиб борувчи гуруҳлари жалб этилди.
Бир кун ичида IPTV ва юқори тезликдаги интернет хизматларига уланиш мумкинлигини билган маҳалла аҳли бирин-кетин акция ўтказилган майдонда жам бўлди.
Акция бўйича биринчи бўлиб маҳалла фаоли, 73 ёшли Аброр Саидов хизматларга уланиш истагини билдирди. Шартнома имзолангач, «ТШТТ» филиали монтёрлари ва мутахассислари дарҳол ишга киришишди. Акция доирасида оптик толали кабел хонадонга қадар бепул тортилди, сўнг GPON технологияси бўйича интернет ва IPTV хизматлари уланди.
– Маҳалламизда ушбу тадбир ўтказилганидан жуда хурсанд бўлдик, – дейди Аброр Саидов. – Чунки сифатли интернет хизматига эҳтиёжимиз бор эди. Набираларим ундан ўқишида фойдаланишади. Қолаверса, бир фарзандимиз Хитойда, яна бири Россияда ишлайди. Улар билан тезкор интернет орқали боғланиб туриш энди бизга анча қулай бўлади.
Юнусобод туманидаги 234/35 АТСнинг кенг полосали уланиш хизмати мутахассиси Қобилжон Мадалиевнинг таъкидлашича, одатда салкам 10 кунда амалга ошириладиган жараён акция доирасида бир кунда бажарилди.
Кун давомида худди шу тарзда маҳалланинг яна бир қанча хонадонига GPON технологияси асосида интернет улаб берилди.
Юқорида тилга олинган кучли рақобат муҳити Ўзбекистонга ҳам албатта кириб келади. Шундай экан, бугун илдамроқ ҳаракат қилган, ўзига кўпроқ мижоз топа олган, уларнинг эҳтиёжларини яхши ўрганган ва қондирган компания бундан фақатгина ютади.
«ТШТТ» филиали Марказий телефон боғламаси бошлиғи ўринбосари Абдуваҳоб Игамбердиев:
— Ушбу акцияни ўтказишдан мақсад «Ўзбектелеком» АК томонидан тақдим этилаётган хизматлар аҳоли учун қанчалик аҳамиятга эга эканлигини ва уларнинг фикр-истакларини ўрганишдан иборат эди. Тадбир доирасида Исломобод маҳалласидаги ҳар бир хонадонга кирилиб, тарғибот ишлари олиб борилди. Янги технология бўйича хизматларни улаш истагини билдирган фуқаролар билан шу куннинг ўзидаёқ керакли ҳужжатларни олиб, шартнома расмийлаштирилди ва хизмат учун тўловлар амалга оширилди. Боғлама ходимлари томонидан шартнома расмийлаштирган хонадонларга оптик толали алоқа кабеллари тортилиб, хизматлар кўрсатилиши таъминланди. Ўтказилган ушбу тадбирдан маҳалла аҳли мамнун бўлишганини маълум қилдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter