Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Xerox» ва «HP» бирлашадими?

«Xerox» ва «HP» бирлашадими?

Фото: «Scrabbl»

«Xerox» компанияси «HP Inc.» билан бирлашиш йўлларини кўриб чиқяпти — бу ҳақда ўз манбаларига асосланган «The Wall Street Journal» хабар берди.

Аввало шуни айтиш керакки, «Xerox», ўзаро солиштирилганда, «HP»дан анча кичик: биринчи компаниянинг капитали 8,05 млрд. доллар бўлса, иккинчисиники — 27,27 млрд. Йиллик даромадидаги фарқ бундан ҳам катта: «Xerox» — 9,8 млрд., «HP» — 58,5 млрд. доллар.

Демак, WSJ хабарига ишонадиган бўлсак, «Xerox» «HP» учун салмоқли мукофот пули таклиф этган ҳолда бўлғуси битимни нақд пул ва ўз акциялари билан тўламоқчи. Бунинг учун йирик бир банкнинг кафиллиги ҳам олинган, дейилади хабарда.

Охирги йилларда «Xerox» ва «HP» компаниялари имкон қадар харажатларини қисқартиришга уриниб келмоқда, хусусан, «HP» режали реструктуризация ўтказиши ҳақида (шунинг ортидан 1 млрд. доллар иқтисод қилиниши кутиляпти) яқинда маълум қилганди. WSJ манбаларига кўра, агарда икки компания бирлашса, яқин йилларда 2 млрд. долларгача иқтисод қилиниши мумкин экан.

Айрим кузатувчилар ушбу битим амалга ошган тақдирда «HP»нинг шахсий компютерлар ишлаб чиқариш соҳаси «ўйиндан чиқиб кетиши» ва катта эҳтимол билан сотиб юборилиши мумкинлиги ҳақида тахминларни илгари суришган.

Биржа таҳлилчилари ўртасида сўровнома ўтказилганида эса «HP»-«Xerox» битими амалга ошиши эҳтимоли жуда паст баҳоланди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача «Fujifilm» компанияси «Xerox»ни тўлиқ сотиб олишга уриниб кўрган, аммо музокаралар самарасиз якунланганди. Аммо улар ўртасида қўшма корхона бор, ҳозир бўлса америкаликлар «Fuji Xerox»даги 2,3 млрд. долларлик улушларини шерикларига сотиб юборишни ҳам кўзлашмоқда. Шунда қўшма корхона тўлиқ японларники бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг