Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Видео: Электрон рақамли имзо нима, уни қандай олиш мумкин?

Ҳозир кўпчилик Электрон рақамли имзо (ЭРИ) олишга қизиқмоқда. Сабаби у деярли ҳаммага керак. Биргина давлат хизматларидан онлайн фойдаланиб, рақамли имзо қўйиш орқали қанча оворагарчиликлардан қутуласиз.

Электрон рақамли имзо нима ўзи? Бу электрон рақамли ҳужжатнинг ҳақиқийлигини, унинг маълум бир шахсга мансублиги ва таркибининг ўзгармаслигини тасдиқловчи электрон рақамли белгилар мажмуидир.

Электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзо қоғоз ҳужжатга қўйилган анъанавий имзо билан бир хил аҳамиятга эга.

Бу турдаги имзони Давлат хизматлари агентлиги, E-imzo.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан олиш мумкин.

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази жамоаси электрон имзони Ягона порталдан олиш жараёни ҳақида видеоқўлланма тайёрлади.

Бунинг учун шахсий кабинетингизга кириб, электрон калит олиш бўлимига ўтинг.

Солиқ тўловчининг идентификацион рақами ва телефон рақамингиз тўғри жойланганига ишонч ҳосил қилинг.

Спамдан ҳимояланиш учун мисол жавобини ёзинг.

Телефон рақамингизга смс орқали келган кодни киритиб, тасдиқланг.

Кейинги саҳифада паспортингиз суратини юкланг. Намунада кўрсатилганидек, паспортингиз билан селфи олинг ва уни порталга жойланг.

Электрон рақамли имзони сақлаш жойини танланг. Яъни дискейс папкасини яратинг ва янги калит сўз шакллантиринг. Уни тасдиқлаш учун такроран киритинг. Ариза битими билан танишиб чиққач сўровни юборинг. Сўнгра юқорида яратилган калит сўзни ёзинг. Ўзингизга қулай тўлов тизимидан фойдаланиб, давлат божини тўланг.

Аризангиз бир иш кунида кўриб чиқилиб, СМС хабар юборилади. «Менинг аризаларим» бўлимида аризангиз ҳолатини текширинг. Сертификат билан танишиб чиқиб, тасдиқланг. Сўнгра калит сўзни киритинг. Жараён якунида электрон рақамли имзо калитини юқорида яратилган дискейс папкасида кўришингиз мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг