«Қонунга қўшимча 6 та модда киритилади» — Азиз Худаев
Бугунги кунда кўп тизимлар электрон рақамли имзони қўллаш орқали ишлаб чиқилаётгани, унинг очиқлигини, шу билан бирга хавфсизлигини таъминлаш, унинг муқобил шаклларини татбиқ этиш, аҳолимиз фойдаланганида қулай ишлатишига эришиш долзарб бўлиб қолмоқда.
12 май куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази, «UNICON.UZ» Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази ҳамда тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида икки қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди.
– «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонун илк бор 2003 йил 15 декабрда қабул қилинган. Шу пайтгача қанча ўзгаришлар, ривожланишлар бўлди. Ҳозирги кунга келиб, ҳар битта қонун тўғридан-тўғри ишлашни тақозо этяпти. Яъни замон талаби, тараққиёт, одамлар эҳтиёжи, янги қабул қилинаётган қонунлар, қарор ва фармонлар эскиларини янгилаб, мукаммаллаштириб, бугунга мослаштириш кераклигини кўрсатяпти – дейди Электрон рақамли имзоларни рўйхатга олиш маркази бошлиғи Нодир Парпиев. – Қонунга янги киритаётган таклифларимиздан бири бу – вақт штампи. Буни оддий тушунтиришга ҳаракат қиламан. Электрон рақамли имзо ҳам худди анъанавий имзодек юридик кучга эга ва у маълум бир муддатгача берилади, масалан, узоғи билан 6 йилгача. Кейин кучини йўқотади. Имзо қўйилган ҳужжат эса архивда туради ва 10-20 йил ўтиб, унга яна мурожаат қилиб қолиш эҳтимоли бор. Шундай ҳолатларда имзонинг қачон қўйилганлигини тасдиқлаш учун вақт штампини киритишга тўғри келяпти.
Шунингдек, йиғилишда булутли технологиялар, электрон даллол (ишончли учинчи томон), электрон сертификат, ID-карта ичида ЭРИнинг ҳам бўлиши каби бир қатор Қонунга киритилиши назарда тутилган лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди.
– «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонун 2015 йил 9 декабрда имзоланган, 2016 йил 10 июндан кучга кирган. Унинг мақсади электрон ҳукумат соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, – дейди Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори ўринбосари Азиз Худаев. – Давлат раҳбарининг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонуни бўйича берган топшириқлари ижроси юзасидан Қонунга бир қатор ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутиляпти. Жумладан, асосий тушунчалар рўйхати кенгайтирилиб, Электрон ҳукуматнинг асосий тамойиллари «шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш» принципи билан тўлдирилди. Соҳадаги ваколатли органнинг ваколатлари ҳамда Давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатлари рўйхати кенгайтирилди. Қўшимча 6 та модда киритилди.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси савол-жавоблар ва таклиф-мулоҳазалар майдонига айланди. Бу қайсидир маънода бугун тўғридан-тўғри ишлайдиган Қонунларга эҳтиёж ортаётганини кўрсатди, десак ҳам бўлади.
Шоҳида Исроилова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter