Вазир «Xabar»дан хабар олди
21 март — «Xabar»чилар учун қўшалоқ байрам: бир томондан Наврўзи айём, иккинчи томондан — 1992 йилнинг шу куни газетанинг нишона сони чоп этилган. Ўтган 28 йил давомида шу санани алоҳида жўшқинлик билан нишонлаган таҳририят ходимлари бу сафар кейинроққа суришга мажбур бўлди. Сабаби маълум: юртга келган синов...
Бироқ иш жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Газета ходимлари фаолиятини келган жойидан давом эттирмоқда. Хулласки, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ёритишдан чарчашгани йўқ... Ўтган вақт давомида таҳририят таркибида «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ташкил этилиши натижасида фаолиятимиз ҳам, жамоамиз ҳам анчагина кенгайди.
Бугун эрталабдан ҳамкасб дўстлар, соҳа вакиллари қўнғироқ қилишиб, газета ташкил этилган кун билан табриклашни бошлади. Сана баҳона ходимлар ўтган йиллардаги фаолиятимизни сарҳисоб, келажак ишларни чамаи чўт қилдик. Абдусаид Кўчимов, Орифжон Муҳаммаджонов, Шодмон Отабоев сингари устозлардан олган сабоқларни яна бир карра ёдга олиб, ширин-ширин суҳбатлар бўлди.
Ходимларнинг ярми масофадан туриб ишлаётгани боис суҳбатлар икки шаклда: бевосита ва билвосита давом этиб, гоҳ амалга оширган айрим ишлардан қувониб, гоҳ туширилган «қовун»лардан ёдга олиб ўтирганимизда...
Кутилмаганда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов таҳририятга кириб келди!
Вазирлик раҳбари айни санада таҳририятга қадам ранжида қилиши анъанага айланиб қолганди. Бироқ бу сафар — азбароий соғлиқ муҳофазаси сабаб турли тадбир учрашувлардан тийилиб турилган бугунги кунда таҳририят ходимларини бирров табриклаб ўтишга фурсат ва ҳафсала қилингани икки карра ёқимли бўлди, рости.
Юзда ниқоб, қўллар «оқ ем». Шу тариқа АКТ вазири билан самимий суҳбатлашдик. Суҳбат кўпга чўзилмади, шунга қарамай мухтасар мулоқотда ҳазил-мутойиба қилишга ҳам, режалару айрим муаммолар хусусида гаплашишга ҳам улгурдик.
Вазир қуруқ қўл билан келмабди: жамоамизга охирги русумдаги каттакон телевизор совға қилди.
Бундай эътибордан ким хурсанд бўлмайди, дейсиз?!
Дарвоқе, суҳбат ниҳоясига суратга тушиш ҳам унутилмади. Бу жараёнда, табиийки, юзлардаги ниқоб олинди. Бунинг замирида соғ-саломат эканини билдириш бўлса, иккинчидан, самимият ва эътибор деган фазилатлар бир-биримизга кўпроқ юқсин, деган ният ҳам бор эди-да.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter