Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Узоқ тарих ва ўзига хос анъаналарга эга соҳа (фото, видео)

Кеча, 6 май куни Тошкентдаги АКТга йўналтирилган фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактабда Алоқачиларнинг касб байрамига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Анъанавий тарзда нишонланаётган ушбу тадбирга бу  йил бошқачароқ тайёргарлик кўрилди.

Байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантриш вазирлигининг идоравий мукофотларига сазовор бўлганлар пойтахтга таклиф қилинди.

Улар учун алоҳида маданий дастур ташкил этилди. Меҳмон алоқачилар Ўзбек академик миллий драма театрида «Имон» спектаклини томоша қилишди. Улар учун Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан «Ғалаба боғи»га саёҳат уюштирилди.

Сўнгра меҳмонлар, соҳа корхоналари раҳбар ва мутахассислари АКТ мактабида йиғилишди. Тантанали маросимда АКТ вазири Шерзод Шерматов сўзга чиқиб, барча соҳа ходимларини касб байрамлари билан қизғин қутлади.

«Алоқа соҳаси жуда узоқ тарихга ва ўзига хос анъаналарга, шу билан бирга, жуда порлоқ келажакка эга соҳа. Бугунги тадбирни АКТ мактабида ўтказаётганимиз бежизга эмас. Малакали мутахассислар шу каби мактабларда тайёрланади. Ўйлаймизки, кучли кадрлар соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшадилар», — деди Шерзод Шерматов.

Шундан сўнг бир гуруҳ алоқачиларга АКТ вазирлигининг идоравий мукофотлари тантанали равишда топширилди. Хусусан, уларнинг 4 нафарига «Моҳир алоқачи» фахрий унвони,  40 нафари «Фахрий ёрлиқ» ва 29 нафари эса «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирланди.

Ўз навбатида, касб байрами арафасида бир гуруҳ меҳнат фахрийлари ҳам бир пиёла чойга таклиф этилиб, алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Мустақиллик йилларида соҳада меҳнат қилган раҳбар ва ходимларнинг 283 нафари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган. Уларнинг 22 нафари «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими» фахрий унвони, 4 нафари «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони, 20 нафари «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2 нафари «Эл-юрт ҳурмати» ордени, 4 нафари «Фидокорона хизматлари учун» ордени, 49 нафар «Дўстлик» ордени, 18 нафари «Содиқ хизматлари учун» медали, 5 нафари «Жасорат» медали, 151 нафари «Шуҳрат» медали, 3 нафари «Келажак бунёдкори» медали,  3 нафари «Зулфия» номидаги давлат мукофоти, 2 нафари «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган.

Соҳа ходимларидан 377 нафари «Моҳир алоқачи» унвони,  1370 нафари  «Фахрий ёрлиқ», 1220 нафари «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирланган. Жами 2967 алоқачи соҳанинг ана шундай идоравий мукофотларига сазовор бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг