Универсал паспорт: барча маълумотлар битта картада (видео)
Бугунги кунда кўп вазифали ID-карталар дунёнинг аксар мамлакатларида қўлланиб келинмоқда. Хусусан, 84 та давлат электрон ташувчи қурилма, яъни махсус чипга эга. 105 та давлат эса чипсиз идентификация карталаридан фойдаланади.
Хўш, ID-карта ўзи нима? Ҳозирги ахборотлашув асрида у бизга қандай қулайликларни тақдим этади? Бу ҳужжатни қўлга киритиш учун қандай жараёнларни босиб ўтишимиз керак? «Ўзбекистон 24» телеканали шу ҳақда видеошарҳ тақдим қилди.
ID (идентификация) карта – шахснинг биографик маълумотлари, рақамли фотосурати, бармоқ излари (16 ёшга тўлганида) ва электрон рақамли имзо калити сертификатини (16 ёшга тўлганда) сақловчи пластик карта кўринишидаги ҳужжатдир. Жаҳон тажрибасида бу картадан нафақат шахсни ва фуқароликни тасдиқловчи гувоҳнома, балки банк пластик картаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, очиқ калит, электрон ҳамён сифатида ҳам фойдаланилади.
Давлат раҳбарининг 2020 йил 22 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб, шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизимини жорий этиш, яъни 2011 йилги намунадаги биометрик паспорт ўрнига Ўзбекистон фуқаросининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга ҳужжат сифатида ID-карталарни жорий этишга киришилди.
Қуйида мутахассислар тавсияси асосида ID-картани қандай олиш мумкинлигини босқичма-босқич тушунтириб ўтамиз.
ID-карта олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришнинг икки усули мавжуд:
- биометрик паспортингиз билан қайси туманда рўйхатда туришингиздан қатъи назар ўзингизга қулай, исталган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига ташриф буюриш;
- Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон ариза бериш.
«Жараён учун my.gov.uz сайтини танлаган бўлсангиз, аввало, идентификация тизими (ID e.gov)дан рўйхатдан ўтиш керак. Кейин бевосита my.gov.uz порталига кирилади. Ягона портал орқали ариза бериш инсон омилини ҳисобга олган ҳолда 10-15 дақиқа вақт талаб этади», – дейди Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази бўлим бошлиғи Ниғматилла Шамсуддинов.
Электрон тарзда мурожаат этишнинг афзаллиги шундаки, сиз миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига келиб, алмаштирилувчи биометрик паспортингизни тақдим этгунга қадар бўлган жараёнлар, яъни биометрик паспортдаги, ота-она тўғрисидаги ва унгача тўлдирилиши талаб қилинувчи маълумотларни онлайн тарзда жўнатасиз. Кейин Фуқаролик ва миграция масалалари бўйича бўлимга келиш вақтини ўзингизга қулай кунга белгилашингиз мумкин.
Ҳужжатлар расмийлаштириб бўлингач, базавий ҳисоблашнинг 89% миқдорида, яъни ҳозирги кун ҳолатига кўра, 198 минг 470 сўм миқдорида тўлов ундирилади.
Авваллари биометрик паспортлар 10 иш кунида расмийлаштирилар эди. ID-карталар эса ҳужжатлар қабул қилиб олингач бир иш куни мобайнида тақдим этилади. Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 15 кун муддатда яшаш манзили бўйича расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.
ID-карталар аввалига давлат хизматлари марказида қўлланилса, кейинчалик босқичма-босқич авиа ва темир йўл билетларини олиш, барча давлат хизматларидан фойдаланиш ҳамда фуқароларни идентификация қилишда қўл келади.
Ушбу картанинг жорий этилиши аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш ишини сезиларли даражада осонлаштиради ва оптималлаштиради. Шунингдек, хавфсизлик томони ҳам яхши ишланган: барча маълумотлар шифрланган бўлади.
Республикамиз аҳолисининг биометрик паспортлари ID-картага:
- 2021 йилнинг 1 январидан 2022 йилнинг 31 декабригача ихтиёрий равишда;
- 2023 йилнинг 1 январидан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда ўтказилади.
- 2031 йилнинг 1 январидан бошлаб 2011 йилдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
«Ушбу ID-карталардан фақат Ўзбекистон ҳудудидагина фойдаланиш мумкин бўлиб, республикамиздан ташқарига чиқаётган фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олишлари керак», – дейди Миробод тумани миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Бобур Бекназаров.
Шу ўринда яна бир муҳим маълумот:
- ID-карта янги туғилган болага 1 ёшгача – 2 йил муддатга;
- 1 ёшдан 16 ёшгача 5 йил муддатга;
- 16 ёшдан эса 10 йил муддатга берилади.
ID-карталар боланинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақида гувоҳнома тақдим этилгач ота-онаси, васийлар ихтиёрига кўра расмийлаштирилиши мумкин.
«Рўйхатга қўйиш рақамлаштириш тизимига ўтаётганлиги сабабли 2020 йил 20 майдаги 320-сонли қарорга кўра, 2020 йил 1 сентябрдан паспортга «рўйхатга қўйиш» ёки «рўйхатдан чиқариш» штампини қўйиш амалиёти бекор қилинди. ID-картага ҳам бу тўғрисидаги маълумотлар ёзилмаяпти, сабаби унинг чипида барча маълумотлар бўлади», – дейди Бобур Бекназаров.
Яна бир эътиборли жиҳати, ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирилган ёки йўқотиб қўйган тақдирда фуқаролар жаримага тортилмайди. Шунингдек, доимий яшаш манзилида руйхатдан ўтиш ўзгарган тақдирда картани алмаштириш ҳам талаб этилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter