Учар автомобиль қачон киракашлик қилади?
«Hyundai» ва «Uber» аэромобиль ишлаб чиқариш учун бирлашди.
Американинг «Uber» ва Жанубий Кореянинг автомобиль ишлаб чиқарувчи «Hyundai» компаниялари Лас-Вегасда Consumer Electronics Show (CES) 2020 электроника кўргазмасида учар автомобиль концептини тақдим этишди, дея хабар берди «REGNUM».
Тақдим этилган концепт кўринишидан енгил вертолётга ўхшайди. Аэромобиль вертикаль учиш ва қўниш тизимига эга. Электр двигателлар соатига 320 километр тезлик билан ҳаракатланиш имконини беради. Аэромобиль бир марта қувватлантирилганда 100 километр масофагача тўрттагача йўловчи ташиши мумкин.
Биринчи амалий прототип 2020 йилда тақдим этилиши кўзда тутилган. Илк аэромобиллар ҳаводаги такси учун фойдаланилади. Тижорат мақсадида йўловчи ташишлар 2023 йилга режалаштирмоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, «Uber» компанияси ҳаво транспорт воситаларини ишлаб чиқишда Американинг «NASA» аэрокосмик агентлиги, шунингдек, «Bellron» ва «Joby Aviation» компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда. «Hyundai» билан келишув эса «Uber»га аэромобилларни оммавий ишлаб чиқариш имконини беради.
Компания вакилларининг фикрича, ҳаво автомобилларининг илк моделлари бошқариладиган бўлади. Бироқ келгусида улар учувчисиз бошқарув тизими билан жиҳозланиб, мустақил ҳаракатланиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter