Тошкентда электрон тижоратга бағишланган йирик тадбир бўлиб ўтди
Windham Tashkent меҳмонхонасида молия соҳасидаги энг йирик тадбир – E-Commerce Day 2018 бўлиб ўтди. Унда электрон савдо ва интернетда бизнес юритиш билан боғлиқ кенг қамровли масалалар муҳокама этилди.
«Электрон ҳукумат» маркази матбуот хизмати маълум қилишича, анжуманнинг дасталабки кунида Ўзбекистон Электрон тижорат уюшмаси раиси Музаффар Аъзамов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Электрон тижоратни ривожлантириш бўлими бошлиғи Толибжон Мирзақулов сўзга чиқишди.
Толибжон Мирзақулов ўз чиқишида Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш босқичлари, соҳани тараққий эттириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Жумладан, жорий йилда мамлакатимизда Электрон тижорат субъектлари миллий реестри жорий этилгани, унга кирган тадбиркорлик субъектларига қатор имтиёзлар тақдим этилишини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда Россия, Беларусь, Украина, Хитой ва АҚШ каби давлатлардан келган меҳмонлар ва экспертлар ўз тақдимотлари билан иштирок этишди. Соҳанинг бугунги куни ва эртаси бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Шунингдек, замонавий тўлов усуллари бўйича маълумотлар беришди, интернет-дўконларни самарали ривожлантиришнинг омили сифатида логистика масаласини ривожлантиришни ўртага ташлашди.
Тадбир ўз интернет дўконини очмоқчи бўлган, электрон тижорат соҳасига эндигина қадам қўяётганлар учун ҳам, анча йиллардан буён бу соҳа билан шуғулланиб келаётган мутахассислар учун ҳам бирдек фойдали бўлгани эътироф этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter